Президент Париж Олимпиадасида қирғизистонлик спортчилар учун яратилган шароитлар ҳақидаги танқидларга жавоб берди

78

Садир Жапаров Париж Олимпиадасида иштирок этаётган қирғизистонлик спортчиларнинг таомлари борасидаги танқидларга изоҳ бериб, Олимпия қўмитаси фаолиятини ташкил этишда камчиликлар борлигини айтди.

«Олимпия қўмитасида ташкилий жиҳатдан камчиликлар мавжуд. Буни диэтолог ва психолог кўриб чиқиши мумкин эди. [...] Олимпиадага боришдан 15-20 кун олдин ҳар бирига озиқ-овқат, витамин ва керак бўлса кийим-кечак сотиб олиш учун 5000 доллар бердик. Ўзлари истаганча юрсинлар деганмиз. [...] Биз қирғизлар гўштсиз яшай олмаймиз. Шунинг учун ҳар бир спортчи овқатларига ўзи қараши керак эди».– деди президент.

Спортчиларга аввалгидан кўра кўпроқ эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, уч йилдан буён улар зарур витаминлар билан таъминланаётгани, ётоқхонада истиқомат қилаётган спортчиларга ҳам зарур шарт-шароит яратилиб, хонадонлари ижараси тўлаб берилган.

«Умид қиламизки, уларнинг ўз уйлари бўлади. Ўз кўзимиз билан кўрмадикми, илгари спортчиларимиз халқаро мусобақаларга борганда пуллари ўз вақтида тақсимланмай, ҳаммадан қарз олиб, мусобақага боришарди. Биз ҳамма нарсани шунчалик тез унутдикми? Мусобақаларга бориб, пул олгандан сўнг қарзларини тўлдиришганини ўз кўзим билан кўрдим. Ўша кунлар ортда қолди. Энди бундай бўлмайди. [...] Ҳозирча ечим изламай, балки спортчиларимизни рағбатлантириб, қўллаб-қувватлайлик» – деди давлат раҳбари.

Ҳозиргача Олимпиададаги спортчиларнинг таомлари ҳақида танқидлар ва салбий фикрлар билдирилган.

Қирғизистондан 16 нафар спортчи Париж Олимпиадасига йўлланма олди. Айни дамда битта кумуш ва учта бронза медали билан Қирғизистон 74 давлат орасида 65-ўринни эгаллаб турибди. Олимпия ўйинлари 11 август куни якунланади.