Ҳудудларда янги аэропортлар очилади. Жалолободдаги аэропорт учун ер бўлинди

162

Бу ҳақда «Манас» аэропортининг директори Манасбек Самидинов 31 июлда ярим йилнинг ҳисоботини бериш вақтида билдирди.

«Баҳорда биз Талас аэропортини очдик. Ҳозир режада Норин аэропорти бор. Қазарман ва Кербен аэропортлари ҳам қуриб битказилган, тез орада тўлиқ фойдаланишга топширилади. Яна бир йирик лойиҳа – Қоракўл аэропорти. Биз уни кузда очамиз. Келгуси сайёҳлик мавсумида эса Тамчи аэропортининг аэровокзалини очамиз», деди Самидинов.

Унга кўра, жорий йилнинг олти ойида «Манас» аэропорти 20 954 та рейсни амалга ошириб, 2 700 000 йўловчини қабул қилди. Улардан 19 мингтаси халқаро рейслардир. Аэропортнинг умумий даромади 5 миллиард 349 миллион сомни, соф даромади эса 2 миллиард 900 миллион сомни ташкил этган.

Самидинов, шунингдек, «Манас» аэропортининг учиш-қўниш йўлагини таъмирлаш бўйича танлов эълон қилингани, лойиҳалашда Хитой, Россия ва Туркия компаниялари иштирок этишини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, Жалолободда янги халқаро аэропорт қуриш учун 300 гектар ер майдони ажратилган.