Capital Bank’нинг 100% акцияси аввал Жогорку Кенешнинг экс-спикери ҳамда марҳум тадбиркор Чинибай Турсунбековнинг фарзандларига тегишли эди. Ўғли Эржанга - 40%и, қизлари Айдай ҳамда Бегимайга, ҳар бирига 30%дан. 25 июлдан бошлаб акцияларнинг барча 100%и Вазирлар маҳкамасига қарашли Давлат мулкини бошқариш бўйича давлат агентлигига ўтказилди.
Бу қандай содир бўлди? Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев марҳум спикернинг қизлари «ноқонуний фаолият билан шуғуллангани»ни айтганди. Унинг сўзларига кўра, 2010 йилда банк рейдлар йўли билан Максим Бакиевдан Турсунбековлар қўлига ўтган ва «Капитал банк» деб ўзгартирилган.
Ташиевнинг айтишича, банк сотилиб, ундан тушган маблағ ипотека уй-жой қуришга сарфланади.
Айдай Турсунбекова ҳозирда тергов изоляторида, акаси Бегимай эса уй қамоғида. Уларга нисбатан «Жиноий даромадларни легаллаштириш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввал Capital Bank «АқилИнвестБанк» деб аталгани маълум. Бу банкни 2008 йилда Максим Бакиевга яқин киши сотиб олиб, 2010 йилдаги инқилобдан кейин уни капиталлаштира олмаган. 2012 йилда Турсунбеков банкни сотиб олиб, номини ўзгартирган.
Шунга қарамай МХДҚ етакчиси фақат банкка эмас, Турсунбековрларнинг оилавий бошқа бизнесга ҳам даъво қилган — у Бишкекдаги алкогол заводига тегишли 1,5 га ҳамда Иссиқкўлдаги 18 га ер участкалари ноқонуний ҳусусийлаштирилганини билдирган.
Ташиев «Акун» пансионати атрофидаги баҳсларни назарда тутаётган бўлиши мумкин. 2022 йилда МХДҚ маълум қилишича, 2008 йилда пансионатга берилган 17,65 га ер давлатга қайтарилган. Ўшанда Турсунбекова оилавий тадбиркорликни ҳимоя қилиб, пансионат учун ер қонуний йўл билан олинганини айтган. Унинг сўзларига кўра, авваллари «Чинар» пансионати бўлган ва унинг оиласи 1999 йилда давлат аукционида ушбу пансионатни сотиб олган.