Жалолободда экстремизмга алоқадорликда айбланиб 9 киши ҳибсга олинди

132

Жалолобод вилояти ички ишлар бўлими «экстремистик ташкилотни молиялаш»да гумон қилиниб, тўққиз киши қўлга олинганини маълум қилди.

Милиция маълумотларига кўра, 19 июль куни уларга Сузоқ туманида яшовчи фуқаро «диний-экстремистик характердаги ғояларни тарқатаётгани» ҳақида хабар келиб тушган. ИИБнинг маълумоти бўйича, у «Хизб ут-Тахрир»нинг аъзоси, гумонланувчи ноқонуний диний дарсларни ўтиб, шунингдек одамларни экстремистик ташкилотга қўшилишга «жалб қилиб» юрган.

Тинтув давомида китоблар, DVD дисклар, планшетлар, флеш-карталар ва телефонлар олинди. Буларнинг барчаси нима учун олингани ва унда қандай маълумотлар борлиги айтилмаган.

ИИБ томонидан юқорида қайд этилган шахсдан ташқари Сузоқ туманида яшовчи яна саккиз нафар фуқаро қўлга олинди. Суд қарорига кўра, ҳибсга олинганлар икки ойга ҳибсга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.