❗️Салтанатнинг ўлдирилиши: Суд Бишимбаевни 24 йилга озодликдан маҳрум қилди

210

13 май кунги суд мажлисида суд Бишимбаевни 24 йилга озодликдан маҳрум қилди. Судьянинг тушунтиришича, собиқ вазир «ўта шафқатсиз қийноқ ва Нукеновани қасддан ўлдириш» бўйича айбдор деб топилган.

Vlast.kz ёзишича, суд Бишимбаевнинг ҳаракатини хавфли сурункали жиноят деб тан олган. У жазони кучайтирилган ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди.

6 май куни собиқ вазир судда сўнгги нутқини айтди. У айбини қисман тан олди, лекин атайлаб одам ўлдиришда эмас. Бишимбаев Нукенова маст бўлганида тажовузкорлик кўрсатганини, шу сабабли жанжал чиқиб кетганини айтмоқда. Бироқ бунгача интернетда Бишимбаевнинг аёлни шафқатсизларча ургани акс этган видеолар тарқалган эди.

Нукенованинг ўлими 2023 йилнинг ноябрида маълум бўлган эди. Бу иш юзасидан Қуандик Бишимбаев ҳибсга олинган. Ишни кўриб чиқиш бир неча ой давом этди.

Нукеновани қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказилди. 15 апрель куни эса Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаев «Оиладаги зўравонлик тўғрисида»ги қонунни имзолаган.