Ер силкинишлар 20 июл тунги соат 1:35да Рихтер шкаласи бўйича 6,2 балл қаттиқликда рўй берган. Зилзила ўчоғи Қадамжой районининг Совет қишлоғи бўлган. Маҳаллий ҳукумат вакиллари ва фавқулотда ҳолатлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, зилзила оқибатида қурбонлар ва вайрон бўлган уйлар йўқ.
АҚШ геология хизматининг билдиришича, зилзила Қадамжой районида юз берган ва унинг эпицентри 9,2 километр чуқурликда жойлашган бўлган.
Kloop.kgнинг Ўшдаги ва Бишкекдаги мухбирлари ўз шаҳарларида бўлган зилзилани сезганларини тасдиқлашди.
Қадамжой район ҳокими муовини Жанибек Исаков Kloop.kg журналистлари билан ер силкинишидан сўнг биринчилардан бўлиб боғланди ва биринчи бўлиб қурбонлар ва вайрон бўлган бинолар йўқлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, зилзиланинг ўчоғидан 20 километр узоқликда яшовчи Қадамжойликлар — «кўчага қочиб чиқишган».
Вилоятнинг энг катта шаҳри бўлмиш Қизил Қия шаҳар маъмурияти мутасаддилари уй жойларга шикаст етмаганини, лекин кўпчилик инсонлар ўз уйларини тарк этиб кўчаларга қочиб чиққанларини билдирдилар.
«Мен хозир халқнинг ёнида туриб уларни тинчлантиришга ҳаракат қиляпман. Милиция, МЧС, горсвет, водоканал ҳаммаси ишлаяпти», —деди тунда шаҳар мэри Ҳабибулла Халмурзаев.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли ўртасида марадерлик авж олиши мумкин, деган ваҳима кўтарилган.
«Милиция шаҳар бўйлаб одамларни уй уйларига тарқатяпти», —деди Халмурзаев.
Унинг сўзларига кўра, Қизил Қиянинг кўп қаватли уйлари яшовчилари зизиладан кўпроқ қўрқиб кетишган.
Шунингдек, баъзи эски уйларнинг шувоқлари кўчиб кетганини хабар қилди Халмурзаев.
Бу ҳақда Kloop.kg таҳририятига ўзини Қизил Қиядан деб таништирган Қанайим Ташполотова ҳам ёзди.
«Зилзила 40 сонияча давом этди ва унинг оқибатида кўп уйларнинг шувоқлари кўчди ва деворларда ёриқлар пайдо бўлди», —деди у.
Жанубликлар ваҳимаси
Қадамжойнинг марказида яшовчи зилзилабардошли қурилишлар институти ходими Авазбек Алимбаевич Kloop.kg таҳририятига зилзиланинг 01:35 бошланганини тасдиқлаб СМС йўллади.
«Фикримча, зилзила тақрибан олти балл бўлди ва бир минут атрофида титраб турди. Афтершок 02:46 тақрибан 3-4 балл қаттиқлигида бўлди. Мендаги маълумотларга кўра, қурбон бўлганлар ва талофотлар йўқ. Бу менинг ҳаётимдаги энг кучли ер титраши бўлди, жуда қўрқиб кетдим», —деб ёзди Қадамжой яшовчиси.
Яна бир Қадамжойнинг Ақ Турпақ қишлоғи яшовчиси Асилбек Мадалиев зилзиладан сўнг электр энергияси «ярим-бир соатга» ўчирилгани ва қайта тиклангани ҳақида хабар қилди.
«МЧС билан боғланиб бўлмади»
Ўш шаҳар фавқулотда ҳолатлар вазирлиги тезкор навбатчисига тун бўйи қўнғироқ қилиб тушишнинг имконияти бўлмади, дея хабар қилди Kloop.kg мухбири Айзат Шакиева.
Шунингдек, журналистлар тунда фавқулотда ҳолатлар вазири Болотбек Борбиевга ҳам қўнғироқ қилиб боғлана олмадилар.
Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги зилзиладан олти соат вақт ўтиб ҳодиса юзасидан расмий муносабатини билдирди.
АҚШ геология хизматига кўра, Баткен вилоятидаги ер титраши ер юзида охирги ҳафта ичида рўй берган энг қаттиқ зилзила бўлди.
Хорижлик мутахассислар сўзларига кўра, зилзила магнитураси Рихтер шкаласи бўйича 6,2 баллни ташкил қилиб, чуқурлиги 9,2 километрда бўлган.
Зилзиланинг аниқ географик параметрлари — 40.130°N, 71.435°E.
Зилзила қаттиқлигидан унинг таъсири Ўш, Тошкент ва зилзила ўчоғидан 700 чақирим узоқликда жойлашган пойтахт Бишкеккача етиб борди.
«Фергана.ру» нашрининг хабар қилишича, тунда Ўзбекистон пойтахти яшовчилари орасида ҳам ваҳима кўтарилган.
BBC радиосининг ўзбек хизмати Ўзбекистон фавқулотда ҳолатлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, сешанба куни соат 01.35да содир бўлган зилзилада Фарғона водийсида 13 киши ҳалок бўлган.
«Зилзила оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган. Бунинг оқибатида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган, жароҳат олганлардан 86 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 35 нафари шифохоналарга ётқизилган», —дея вазирлик маълумотидан иқтибос келтиради радио.