Ҳуқуқ ҳимоячиси Чупик: Россия чегарачилари Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини киритмаяпти

326

«Мамлакатга кириб келган мигрантларни оммавий ҳибсга олиш 24 апрелда бошланиб, 1 майга келиб Россия аэропортларида 4500 га яқин одам тўпланган, ердаги назорат пунктларида ҳам тахминан шунча одам тўпланган. Ҳибсга олинганларнинг тўртдан бир қисмигина Тожикистон фуқаролари, ярмига яқини Ўзбекистондан келган муҳожирлар, қолганлари асосан Қирғизистон фуқароларидир», — деб ёзади нашр ҳуқуқ ҳимоячисига таяниб.

Қайд этилишича, қўлга олинганларнинг аксарияти бир кун ичида қайтарилади, бироқ айрим ҳолларда ватанга қайтиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, 24 апрелдан буён чегарачилар қўлига тушган муҳожирлардан унга 200 га яқин мурожаат келиб тушган. Улар овқат ва сув бермасликлари, ҳожатхонага киришга рухсат бермасликлари, телефонларини олиб қўйишганидан шикоят қилишган.

30 апрель куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Москва ҳукуматига мурожаат қилиб, қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари учун қулай шароитлар яратишни сўраган. 29 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига Россияда тожикистонликларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилаётгани ҳақида нота топширган.

22-март куни Москва чеккасидаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган терактдан сўнг Россия бўйлаб Марказий Осиёдан келган муҳожирларга нисбатан текширувлар, ҳибслар, агреция актлари ва депортациялар кучайган.