Бишкекда кучли шамол туфайли жорий этилган фавқулодда ҳолат уч кун давом этади

496

Бу ҳақда шаҳар мэрининг ўринбосари Жирғалбек Шамиралиев билдирди. Унинг айтишича, барча шикастланган объектларни тиклаш бўйича ишларнинг нархини ҳисоб-китоб қилиш учун комиссия тузилган.

Кеча мэрия шаҳарда 70 та дарахт қулагани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг деярли барчаси йиғиб олиниб, саноқли жойларгина қолди. 24 киши жабрланиб, улардан 4 нафари касалхонага ётқизилган.

Бундан ташқари, ҳукумат уйи зарар кўрганларга ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқишга ваъда берди. Шикастланган машиналар бўйича: агар машина «Бишкек яшил хўжалиги» сабаб қулаган дарахтдан зарар кўрган бўлса, у ҳолда зарарни ушбу ишхона тўлайди, агар у хусусий субъект дарахти бўлса,— зарарни ўша хусусий субъект тўлайди.

Шу билан бирга, Қирғизгидромет об-ҳаво ёмонлашиб, Талас ва Чуй вилоятларида совуқ ҳаво кузатилишини маълум қилди.