Жалолободда фуқародан товламачилик билан пул талаб қилган уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари қўлга олинди

392
Гумондорлар. Сурат: Жалолобод вилоят ИИБ.

Жалалобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида фуқарони қўрқитиб, 500 минг сом пул маблағини ва автомашинасини тортиб олган уюшган жиноий гуруҳнинг икки аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда 24 январда вилоят милициясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, 18 январда Новкен туманидаги Қўчқорота шаҳрининг турғуни милицияга шикоят билан мурожаат қилган. Унда у 2023 йилнинг июль ойида уяли телефонига номаълум шахслар қўнғироқ қилиб, Бозорқўрғон туманига чақирганини айтган.

Кейин икки киши уни соғлиғига ва ҳаётига хавф солиш билан қўрқитганини ва 500 минг сом пул маблағи, Honda Fit русумидаги автомашинасини олиб қўйишганини айтиб шикоят қилган.

Тезкор суриштирув ишлари натижасида, 24 январда жиноятда гумондор сифатида Бозорқўрғон туманининг 44 ёшли турғуни ва Новкен туманининг 36 ёшдаги турғуни қўлга олинди.

Бу факт бўйича «Товламачилик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалди.

Милициядан, тинтув вақтида 36 ёшдаги гумондорнинг уйидан ўқ отувчи қурол олинганини ва вақтинчалик сақлаш жойига киргизилганини билдиришди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Муаллифи: Нуржан Омурбек қизи