Президент Садир Жапаров давлат байроғини ўзгартириш ташаббусини ўзи илгари сурганини айтиб, Халқ қурултойи иштирокчиларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
«Нурланбек Шакиевга "Байроққа тузатиш киритиш менинг ваколатимга кирмайди. Байроқ муаллифларини Жогорку Кенешга таклиф қилиб, улар билан маслаҳатлашиб, байроқдаги қуёш нурини бироз тўғрилаб, тундукнинг сонини тўртга кўпайтириб қўймайликми?” деб мен илтимос қилдим. Нурлан Шакиевни тепкиламай, мени тепкиланглар», — деди президент.
Жапаров президент бўлиб турган уч йилда турли учрашув ва саммитга қатнашиш учун 30дан ортиқ мамлакатга борганини, айрим учрашувда «сизлар кунгабоқар етиштириб мой чиқарасизларми?» деган саволлар берилганини айтди.
Қурултойнинг илк куни айрим делегатлар «байроқни ўзгартиришга халқ қарши эканини» айтиб, президентдан бу масалага эътибор қаратишни илтимос қилган. Айримлари парламент етакчисидан бу ташаббусдан воз кечишга чақирган.
Байроқни ўзгартириш ташаббуси
Жогорку Кенешнинг 29 ноябрдаги йиғинида давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган. Байроқни ўзгартиришга 66 депутат розилигини берган бўлса, саккиз нафар депутат қарши бўлган.
Айрим депутатлар «мазкур қарорни қабул қилмай, масала референдумга қўйилиши кераклигини» айтган. Мирлан Самийкожо эса унинг ўрнига бошқа биров байроқни ўзгартиришга «маъқул» деб овоз бериб қўйганини айтиб чиққан.
Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари — парламентнинг етакчиси Нурланбек Шакиев ҳамда депутат Улан Примов.
Байроқни ўзгартириш ташаббусини президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳам қўллаган. Аммо ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари бу ташаббусга қарши бўлиб, байроқ ўзгартирилмасин деган флешмоб бошлашган.