Бугун 10-ноябрь бутун жаҳон ёшлар куни муносабати билан президент Садир Жапаров қирғизистонлик ёшларни байрам билан табриклади.
Жапаров ўз сўзида «янги Қирғизистонни қуришга йўналтирилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ёшларнинг роли катта эканини» таъкидлади.
Шунингдек, президент «давлат ҳаётида муҳим ўринни эгаллаган, сиёсий ва фуқаролик позицияси бор юзлаган ёшлар ҳукуматнинг барча тармоқларида раҳбарлик лавозимларида ишлаётганини ва юз минглаган ўғил-қизлар ҳаётнинг барча тармоқларида давлатнинг асосий мотор кучга айланганини» айтди.
Жапаров ёшларнинг онгига салбий таъсир қилувчи чақириқлар қилган «деструктив кучларнинг» таъсири давом этаётганини таъкидлади.
«Жамият ҳаётида бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан бирга, ўсиб келаётган авлоднинг кўнглига, онгига салбий таъсир қилувчи чақириқлар ҳам борлиги сир эмас. Бундай вазиятда ўсиб келаётган авлодни, болаларимизни ҳар доим деструктив кучларнинг ва оқимларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ҳар биримиз учун энг муҳим вазифа бўйича қолмоқда.
Ёшларнинг билим олиши, она тилини билиши, ишсизлик, арзон уй-жой билан таъминлаш, миграция оқимини камайтириш, анъанавий бўлмаган диний оқимларнинг таъсиридан сақлаш каби масалалари долзарб экани маълум. Бундай муҳим масалалар давлатнинг эътиборида», — деди давлат раҳбари.
Жапаров давлат ёшлар сиёсатини ривожлантириш мақсадида имзоланган «Ёшлар ҳақидаги» қонун ёшларнинг ўсишига шароит яратишда катта ҳисса қўшишига ишонишини билдирди. Шунингдек, яқинда давлат томонидан ёшларга бағишланган «Орзуйимдаги Қирғизистон» ёшлар форумини ўтказиш режалаштирилаётганини қўшимча қилди.
Жорий йилнинг август ойида президент Садир Жапаров «Ёшлар ҳақидаги» қонунни имзолаган. Қонун лойиҳасининг муаллифлари айтишича, қонун «ёшлар сиёсатини шакллантиришни, ёшларни давлат фаолиятининг барча тармоқларига жалб қилиш механизмларини аниқлаш» мақсадини кўзлайди.