Жалолобод вилоятидаги Тогуз-Торо туман прокурорининг ёрдамчиси иш вақтида пора олишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 2 ноябрда ИИВ билдирди.
Маълумотга кўра, сентябрда Жалолобод вилоятининг турғуни ИИВга ва бош прокуратурага ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чора кўришни сўраб мурожаат қилган. У ўз аризасида прокуратура ходими уни «жиноий жавобгарликка тортаман деб қўрқитиб, кўпдан бери пул олиб юрганини» билдирган.
Бу факт рўйхатга олиниб, сентябрь ойида «Пора талаб қилиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалган.
Милициядан октябрь ойининг бошида прокуратура ходими бошқа туманга ўтказилишига қарамай, жабрланувчига ойнинг охирида яна қўнғироқ қилиб, 20 минг сом пул талаб қилганини билдиришди.
«Кейинги ҳаракатлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг назоратида олиб борилган. Прокуратура ходимининг навбатдаги талабидан кейин тадбиркор 20 минг сом миқдоридаги пулни тўлов терминали орқали электрон ҳисобга ўтказган. [...] Тогуз-Торо туман прокурорининг ёрдамчиси иш ўрнида қўлга олинди», — дейилади маълумотда.
Бунгача гумондор Жалолобод вилоятидаги Акси туман прокурорининг ёрдамчиси бўлиб ишлаб, бир неча ҳафта олдин Тогуз-Торо туман прокурорининг ёрдамчиси этиб тайинланган.
Ҳозирда уни гауптвахтада* сақлаш бўйича эҳтиёт чораси танланди. Текширув ишлари давом этмоқда.
*Гауптвахта — тартиб бузган ҳарбий хизматчиларни қамоқда сақлаш учун махсус жой.