Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги отишмада иштирок этди деб айтилиб, марҳум Қамчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда 31 октябрда вилоят милициясидан билдиришди.
Маълумотга кўра, воқеа 30 августга ўтар кечаси содир бўлган. Унда «Хундай-Гетс» русумидаги машинадаги номаълум шахс «Деу-Нексия» машинасида кетаётганда 29 ёшли кишига бир неча марта ўқ узган. Жабрланувчи шифохонага етказилган.
Милиция бу бўйича «Одам ўлдиришга уриниш» моддаси билан иш қўзғаб, гумондор сифатида Сузоқ туманининг 29 ёшли турғунини қўлга олди. У криминал Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси сифатида рўйхатда экани айтилди.
Гумондор туман милициясининг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди. Вилоят милициясининг матбуот хизмати эса, унинг жиноят оламидан воз кечганини айтган видеосини эълон қилди.
МХДҚ 4 октябрда махсус операция чоғида ўлдирилган криминал Қамчи Колбаевнинг ўлимидан сўнг, турли жиноий гуруҳлар аъзоларини қўлга олиш ишларини кучайтира бошлади.
Махсус хизмат маълумотига кўра, Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг жами 40 дан ортиқ фаол аъзоси ва лидерлари қўлга тушган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда УЖГ аъзолари ва криминаллар «қонундаги ўғри» деган мақомлари билан жиноят оламидаги тушунчаларидан воз кечиб, давлат қонунларига бўйсунишни ваъда қилган видеолари тарқалмоқда.