Президент Садир Жапаров шаҳар куни муносабати билан Жалолободга 50 янги автобус топширди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати билдирди.
Жапаровнинг айтишича, Жалолободнинг йўловчи ташувчи автобаза парки 2012 йилдан бери янгиланган эмас ва у ердаги автобусларнинг деярли бари эскириб, яроқсиз ҳолга келган.
Шунингдек, президент Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси билан судига янги автомашиналарни топшириб, «ходимлар тезкор ва самарали ишлаши» учун деб таъкидлади.
Жапаров ҳукумат «етти вилоятнинг катта шаҳарларини шаҳар мақомига жавоб берадиган даражага етказишга» ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у Жалолободнинг ривожланишига 2 млрд сом ажратилганини эслатиб ўтди.
«Шаҳар марказларига келган эл шаҳар маданиятидан намуна олиб, шаҳар кўркидан фахрланадиган даражага чиқарилади деган ниятимиз бор. […] Шу асосида 2 млрд сом маблағ ажратилганидан хабарингиз бор. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздай, бундай катта миқдордаги маблағни бериш билан шаҳрингизда катта ўзгаришлар, бир неча янги қурилишлар бормоқда. Шаҳарнинг ички йўллари таъмирланиб, яшовчиларга қулай шароитлар яратилаётганига баримиз гувоҳмиз», — деб таъкидлади президент.
Жалолобод шаҳри бу йил 146 йиллигини нишонламоқда. Шаҳар кунини нишонлаш бу йил Аюб-Тоонинг чўққисида президент иштирокида 50 метрлик давлат байроғини илиш билан бошланди.