Сирли ўлим. Колбаевнинг ўлдирилиши Жапаров ва Ташиев ўртасидаги зиддиятни қандай ошкор қилди

662
Қамчи Колбаев

16 октябрда, қудратли жиноятчи Қамчи Колбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан ўлдирилганидан икки ҳафта ўтибгина, Қирғизистон президенти бор кучини тўплаб, норасмий оилавий алоқаларга эга ердошининг сирли тарзда отиб ўлдирилиши бўйича изоҳ берди. Садир Жапаров махсус операция ҳақида «интернет»дан эшитганини билдирди. Агар ҳақиқат шу бўлса, демак, МХДҚ раиси  Қамчибек Ташиев президент манфаатларига тўғридан-тўғри таъсир этувчи махсус хизматнинг муҳим операцияси бўйича келишилмаган. Бу ҳолатда, иқтидордаги тандем ўртасида танглик юзага келганини кўриш мумкин. Жапаровнинг бу қарама-қаршиликда ғолиб чиқиши даргумон.


Қамчи Колбаев ким бўлганини тушунтиришга анча вақт кетади, тушунтиришга ҳожати ҳам йўқ – ким билмаса, Google ёрдамга келади. Бўлгани, Колбаев қирғизлардан чиққан биринчи тожли қонундаги ўғри эканини айтиш етарли. У 15 йил «қонундаги ўғри» деган номни олиб юрди, қирғизнинг Deep State ёки бўлмасам, «соядаги мамлакатни» бошқарди. Бу орада мамлакатда тўртта президент алмашди, Колбоевнинг қудрати эса кучайишда давом этди. МХДҚнинг маълумотига кўра, Колбаев ва яқинларининг туризм, қурилиш, савдо ва ресторан бизнесида ноқонуний молиявий активлари бўлган. Унга тегишли уюшган жиноий гуруҳни контрабанда, халқаро наркотрафик, талончилик, ўғирлик ва одам ўғирлаш билан алоқаси борлиги айтилади. «Бу одамдан яхшилик кутганлар ҳам кам эди», – дейди адвокат Канат Хасанов. — Давлат хизматида туриб УЖГ ташкил қилаётган мансабдорларнинг худбинлиги, ёлғончилигидан сўнг бундай [Колбаевдек] одам йиртқич бўлса ҳам, ҳурматга лойиқ бўлган.


Колбаевнинг отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар тарқалиши биланоқ, кўплаб сирли ҳолатлар ва бир-бирига мос келмаган ҳолатлар қўп бўлди.


Бир томондан, Ташиев уюшган жиноятчиликнинг илдизи билан йўқ қиламан деб, Қирғизистонда УЖГ йўқолади, жиноятчилар мамлакатдан чиқиб кетинглар, деб огоҳлантирганига қўп бўлган.

Иккинчи томондан, 2023 йил август ойида Колбаевнинг адвокати Қозоғистонда трансмиллий жиноий гуруҳ тузиш бўйича жиноий иши муддати ўтгани сабабли тўхтатилганини айтиб, ундан бошқа жиноий иш қўзғатилмаганини маълум қилган.

Шу боис, 4 октябрь куни қўлга олиш чоғида хавфсизлик кучларига қарата ўқ отиб ҳимояланишга уринган Колбаев ўлдирилди, деган хабар тарқалганда, аввалига ҳеч ким ишонмаган. Бундан ташқари, янгиликларда, дастлаб унинг «қўлга олиш» ҳақидагина гап кетган. (4 октябрь куни кечки соат бешларда 24.kg нашри: «Криминал Қамчи Колбаев (Қамчибек Асанбек) ҳибсга олиниб, МХДҚга олиб кетилди. “Учқун”нинг биносидаги махсус операция якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, отишма чоғида бир спецназ оғир яраланди. Қамчи Колбаев эса яраланмади», — деб билдирган).

Кейинроқ фақат Колбаев ўлдирилди, деган гаплар тарқабди ва бу бўйича унинг адвокати ундай бўлмаслиги керак, «агар биров буюртма бериб ўлдиртирмаган бўлса», деб жавоб берган. Фақат кечки пайт МХДҚ Колбоевнинг ўлдирилиши ҳақида маълумотни тасдиқлаган.


Жапаров даврида Колбаев икки марта қўлга олинган - 2020 ва 2022 йилларда. Ўшанда у қаршилик кўрсатмаган, акс ҳолда иккинчи мартасида ёнида қуроли бўлиши керак эди. Ва нима сабабдан, у йўқ жойдан ўқ отишни бошлайди?


Бандитларнинг махсус хизмат қўлидан ҳалок бўлиши янгилик ҳам эмас. Беларус президенти Александр Лукашенко 90-йилларда унинг буйруғи билан республикада бир қанча жиноий гуруҳларни йўқ қилинганини тан олган. Аммо Қирғизистонда шу кунгача фақат бандитларни бошқа бандитлар ўлдириб келишади. Аммо бўш қолган жиноий тахтга келиши мумкинлиги айтилган номзодлар жиноий дунёдан оммавий равишда воз кечганини бунга қадар ҳеч ким кўрмаган.

Колбаев вафотидан сўнг дарҳол мулк тақсимоти бошланди. Криминални 1 миллиард долларга баҳоланган (мамлакат бюджетининг учдан бир қисми) фақат ўзининг мулкини ҳибсга олмасдан, Колбаевга «ҳақ» чиқариб бериб турган тадбиркорлар ҳам қамала бошлади.

Улар тўламай қўйиши мумкинмиди? Риторик савол. Масалан, Иссиқкўлда кафе ишлаётган ижарачилардан бири, МХДҚга мурожаат қилиб, Колбаевнинг одамлари «ҳимояси учун» 500 доллар талаб қилаётганини айтса ҳам, унга ҳеч ким ёрдам бермаганини айтиб чиққан. Унинг сўзларига кўра, пул тўламайман дегани учун УЖГ аъзолари кафени ёқиб юборишган. Энди МХДҚ Колбаевга «ҳақ тўлаганларни» «УЖГни молиялаштиришда» айбламоқда. Энди улар қамоқдан чиққанда ҳамёнлари бўшаб чиқадиган кўринади.

Мамлакат раҳбарининг токчасидаги скелет

Колонияда ўтириб чиққан, ТИЗОда қон томирини кесган сиёсатчи Садир Жапаров учун Қамчи Колбаев фақатгина иссиқкўллик ердоши бўлган, десак янглишамиз. Юрист, ҳуқуқ ҳимоячиси Лейла Сейитбек Колбаев Жээнбековнинг ҳукуматини муддатидан олдин истеъфога чиқариш бўйича музокараларда фаол иштирок этган, деб тахмин қилади. Жапаров ўзи Колбаев билан 2010 йили Жиноят иши бўйича МХДҚнинг ТИЗОсидаги юзлаштиришда танишганини, шундан кейин учрашмаганини айтиб ишонтирган. Бироқ 2013 йили суд мажлисида депутат Кудайбергенов Жапаровни 2010 йили Колбаев билан бирга юрганини кўрганини айтган.

2020 йили ҳукуматни эгаллаб олишда криминалнинг иштироки бор экани тўғрисида кўп бора таъкидланган. Майдонда Жапаровнинг сиёсий рақибларини калтаклаб, тошбўрон қилиб ва ҳатто уларни мўлжаллаб ўқ отганлар бўлган. Намойишга чиққанлар Оқ уйни босиб олиб, Жапаровни қамоқдан озод қилгач, Ала-Арча давлат қароргоҳи олдида навбатчилик қилаётган кўнгиллилар, Колбаев ҳам киришга уринганини пайқашган. Балким, ўшанда криминал Жээнбековни ҳокимиятдан кетишнинг шартларини муҳокама қилинаётган музокараларда иштирок этган бўлиши мумкин. Аммо буни Жээнбековнинг ўзи рад этган.

Ўша вақтда, ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиси Лейла Сейитбек тажовузкор спортчилар парламент депутатларини Жапаровни бош вазир қилиб тайинлашга мажбурлаб, судларни чиқарган ҳукмларини йўққа чиқаришга мажбур бўлишганини ёзган.

Вице-спикер Аида Касималиеванинг айтишича, бу Урмат Самаевнинг одамлари бўлган. Самаев Колбаев ва Жапаровга алоқадор, бунгача чегарадаги отишмага аралашган депутат. Самаевнинг ўзи Колбаев билан таниш эканини инкор этмаган, лекин у криминал билан алоқам йўқ, деб келган.

Қамоқдан бўшатилган Садир Жапаров ва ЖК депутати Урмат Самаев

Жапаров ва Колбаевнинг яқинлигига яна бир далил президент ва унинг қудаси Ақилбек Туманбаевнинг Азим Рой билан тушган суратидир. Рой «Россия ва Марказий Осиёдаги жиноят олами билан алоқадор бизнесмен». Суриштирувчи журналистлар сурат 2021 йилда Иссиқкўлдаги давлат қароргоҳида олинганини аниқлашган. Худди шу йили Рой Ички ишлар вазирлигига ҳомийлик қилгани учун ички ишлар вазири Улан Ниязбековдан медаль олган. Вазир Ниязбеков ҳам Жапаровнинг қудаси.

Чапдан ўнгга: Ақилбек Тумонбаев – Қирғизистон Республикаси Президентининг қудаси, Садир Жапаров – Қирғизистон  Президенти, Азим Рой

Азим Рой Қамчи Колбаевнинг энг яқин даврасида эди: улар қуйидаги суратга ўзбек-қирғиз криминал, Салим Абдувалиев саройида суратга тушишган. Шунингдек, Колбаев ва Ройнинг дам олишда бирга тушган суратлари ҳам бор.

Салим Абдувалиевнинг саройи. Чапдан ўнгга: Салим Абдувалиев, Қамчи Колбаев. Тўртинчиси, Россия Сенати спикери Валентина Матвиенконинг ўғли Сергей Матвиенко. Олтинчи - Азим Рой.
Азим Рой ва Қамчи Колбаев.

Кейинроқ интернетда Бишкекка келган ММА чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳамда Садир Жапаров ва Қамчи Колбаевнинг ўғиллари, шунингдек Колбаев билан алоқаси бор, қирғизистонлик контрабандачиларнинг «тутинган отаси» Райимбек Матраимовнинг ўғли бирга тушган сурат тарқаб кетган.

Ўнгдан иккинчиси – Хабиб Нурмагомедов, кейин оқ футболка ва қора куртка кийган Садир Жапаровнинг ўғли Рустам, Райимбек Матраимовнинг ўғли Бакай (оқ поло ва бейсболка кийган). Пастки қаторда чапдан охирги Қамчи Колбаевнинг ўғли.

Жапаров ҳокимиятга келганидан бери Колбаев дахлсизликни қўлга киритгандек сезилган. АҚШ жиноятчига қидирув эълон қилганда, президент уни очиқ ҳимоя қилиб чиққан. 2020 ва 2022 йиллари МХДҚ ходимлари Колбаевни қўлга олгани спектакль каби бўлиб кетди.

Қисқаси, муаммо қаердан келиб чиққанини айтиш мумкин эмас. Кутилмаганда бундай воқеалар бўлиб кетди.

«Президент Ташиев»

Колбаевнинг отилиши Садир Жапаровни шундай бир аҳволга олиб келди, энди у халқ олдида қандай реакция қилмасин, фақат ғалаба қозонади. Агарда машҳур ердоши ҳақида гапирганда ҳурмат учқунлари сезилиб, Путин Пригожин ҳақида айтганда ҳурматини  билдирганидек, давлат раҳбари сифатида ўзининг юзини йўқотади. Тошиевга ҳамроҳлик қилса, бу рост бўлса ёки ҳар бир жиноятчининг кўргилиги шу дейдиган бўлса, у нафақат Иссиқкўлда, балки ҳамма жойда хиёнат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Жапаров узоқ вақт дамини чиқармай ва ниҳоят ҳайрон бўлганини, хабари йўқлигини айтиб чиқишга қарор қилган.

Асосий масала бошқада: Колбаевнинг ўлдирилиши президент билан келишилганми?

Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига мурожаат қилаётиб шама қилгандай, ҳақиқатдан ҳам келишилган бўлса, унда президент раҳбарнинг классик маккорлик хусусиятига йўл қўйган бўларди. Автократлар кимгадир қарздор бўлиб қолишни истамайди: бунга собиқ хўжайинларини муддатидан аввал «бўшатган» Эмомали Рахмон ва Касим Жомарт Тоқаевнинг таржимаи ҳоли далил бўла олади. Баъзан (фуқаролар уруши вақтида Рахмонни одам қилган “тожикнинг Чапаеви” деб  танилган Сангак Сафаров ҳаётини эсласак) том маънода ҳам айтиш мумкин. Узоққа бормайлик: Сооронбай Жээнбековнинг ҳаёт йўли ҳам буни кўрсатиб турибди.


МХДҚнинг бошчиси эса криминал авторитетни йўқ қилгандан кейингина президентга айтган бўлса, у ҳолда мамлакатнинг ҳақиқий президентининг номи Қамчибек Ташиевдир.


Ташиевнинг мамлакатни бошқариш тандемидаги роли узоқ вақтдан бери ортиб бормоқда. У Қирғизистон ҳаётининг барча жабҳалари билан шуғулланади – маданиятдан тортиб, ёқилғи ташишгача. У мамлакатнинг биринчи ньюсмейкерига айланди ва барча мавжуд ресурсларни ўз қўлига тўплади.

Вазирлар Маҳкамасини раиси ўринбосари сифатида у нафақат алоҳида лавозимни эгаллаган, балки Кампиробод сув омбори ва қирғиз-тожик чегараси бўйича музокараларга ҳам раҳбарлик қилган.

Қамчибек Ташиевнинг назоратидаги иқтисодий ресурс ҳам осон эмас.  Бу ерда «қусдириш» ва бизнеснинг ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун «ихтиёрий» тўккан маблағлари МХДҚнинг ҳисоби орқали ўтаётганини таъкидласа бўлади. Бундай ташқари, энергетика тармоғидаги, ер бойликларидан фойдаланишдаги, Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳалар бор. Яқиндан бошлаб, Колбаевнинг империясига жиддий назорат бошлади. УЖГга айтилган таҳдидлар, агар келажакда Қирғизистонда норасмий арбитр пайдо бўлса, унда у Ташиев ўзи бўлишини ифодалайди.


Авторитар бошқарувнинг мантиғи ва сиёсий анъаналар Қирғизистонда биргина раҳбар қолиши керак эканини айтиб туради. Бундай вазиятда, ҳозирча Садир Жапаровнинг ҳолати яхши эмас.


Куч органлари ичидан биргина ИИВ президентга норасмий бош эгади. Шундай бўлгани билан ИИВ ҳам МХДҚнинг фонида кўринмай қолди. Дарвоқе, можароси кўп прокуратура ҳам бор. Юрист Нурбек Токтакуновнинг фикрича, буларнинг таъсирини мувозанатлаш учун Жапаров Жогорку Кенешга «овусин» қилиб Қурултойни таклиф қилган.

МХДҚнинг Колбаевни қўлга олиш вақтидаги ҳаракатини президентга қарашли Ҳарбий прокуратура текширади, деган гапи элитани Қирғизистонда бош арбитр Ташиев эмас, ўзи эканига ишонтиришга уринишга ўхшайди.

Лекин ишонтириш осон бўлмайди — аксинча, президент қудаси Ақилбек Тумонбаевни (Юқори томондаги суратда Садир Жапаров ва Азим Рой билан бирга ўтирибди) журналистлар МХДҚда юрганини кўргандан кейин. Тумонбаев “ўз ихтиёри билан”, ишлари чиқиб келганини билдирган. Колбаевнинг таъзиясига бордингизми, деган саволни жавобсиз қолдирган.

Кантрабанда хиди келган иш

Майли, Жапаров ва Ташиевнинг тандеми парчаланмас, Колбаевни эса иккитаси маслаҳатлашиб йўқ қилди, дейлик. Унда нимага айнан ҳозир?

Бунинг жавоби Хитойдан келган контрабанда юки бўлиши мумкин. Унинг кўлами ўта кенг бўлиши эҳтимол. Хитой халқ республикасининг элчиси Ду Дэвэннинг айтишича, ўтган йили Қирғизистон билан Хитойнинг савдо фаолияти 15,5 млрд долларга етган. Миллий статистика қўмитаси маълумоти бўйича эса, у бўлгани 4,13 млрд долларни ташкил қилган. Бошқача айтганда, бунинг 300% ёки 11,38 млрд доллари қайгадир йўқолган.


Россия Украинага тўлиқ кўламда бостириб киргандан сўнг, Марказий Осиё орқали товар ташиш Россия учун Ғарб санкцияларини четлаб ўтишнинг муҳим воситаси бўлиб қолган. Жапаров ва Ташиев эса бундай катта ўлжани криминалнинг қўлида қолдиришга йўл беролмас эди.


Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари ғарб техникаларини Украинадаги урушга алоқаси бор Россия фирмаларига ташигани бунга қадар ҳам «Азаттиқ»нинг журналистлар айтиб чиққан. Улар Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари икки йўналишда қўлланилувчи технологияларни экспорт қилаётгани таъкидлашган. Ғарбнинг бундай таъминотнинг блоклаш ҳаракатини эътиборсиз қолдиришган.

Колбаевнинг йўқ қилиниши контрабанда оқимини назорат қилиш бошқа қўлга ўтганини хабар бериши мумкин, деган тахминни, ўша куни миллиард долларлик контрабанда коррупция схемасининг муаллифи Райимбек Матраимовнинг МХДҚга сўроққа келгани  бевосита бўлса ҳам кўрсатиб турибди. Марҳум Колбаевни Матраимовнинг «ҳамкори ва ҳимоячиси» деб аташган. Унинг туғишган укаси Бақит Колбаев Шимоли-Шарқий божхонаси бошчисининг ўринбосари бўлган.

Колбаев ўзи трансмиллий тўрт жиноий гуруҳдан бири «Биродарлик ҳалқаси»нинг аъзоси бўлган. АҚШ президенти Обама администрациясининг маълумотига кўра, Колбаев Марказий Осиёдаги «Биродарлик ҳалқаси»нинг фаолиятига «назоратчи» сифатида иш олиб борган. Колбаев қисман Афғонистондан героин контрабандасини «Шимолий йўли билан» ташишга масъул бўлган. OCCRP Марказий Осиё давлатларидан ташиб чиқилган героиннинг чорагидан тортиб ярмигача шимолий йўл билан кетишини ёзган.

Бундан ташқари, қўшни Қозоғистоннинг Миллий хавфсизлик қўмитасининг эксперти «Хабар» телеканалига интервью бериб, Колбаев қозоғистонлик «ўғрилар жамияти»дан бир кварталда 2 млн долларгача пул олиб турганини айтган. Бу унинг жиноят оламидаги халқаро мақомидан дарак беради.

Колбаев йўқ қилинганидан кўп ўтмай Қозоғистоннинг миллий хавфсизлик қўмитаси Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистоннинг чегарасида ишлаган уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларини оммавий равишда қамоққа ола бошлаган. Булар Колбаевнинг одамлари ҳам бўлиши мумкин: 24-майда МХДҚ Колбаевнинг Бишкек бўйича назоратчи Алтухани ва унинг ўнг қўли адилет Касеновни қўлга олган. Терговнинг версияси бўйича, улар кўп йиллар давомида бутун МДҲ бўйича экспортчилардан хитой товарларини тортиб олишган.

Кейин Қирғизистоннинг МХДҚ Колбаев ва Матраимов билан алоқаси бор 50 нафарга яқин ходим қирғиз божхона хизматидаги ишидан бўшатилганини билдирган. Ишдан бўшатилган божхоначилар орасида Колбаевнинг акаси Бакит Асанбек ўғли бўлган.

Эслатиб ўтсак, буларнинг бари Россия президенти қатнашган Бишкекдаги МДҲ саммити олдидан бўлган. Владимир Путин Қирғизистонга келганда Садир Жапаровни Фахрий орден билан тақдирлаган.

Камчи Колбаевнинг ноқонуний мулки бўйича МХДҚ тарқатган видеода Владимир Путин совға қилган соатнинг қутиси ва сертификати ҳам бор. Бу буюмлар криминалнинг қўлига қандай тушгани топишмоқ.

Муаллиф: Виктор Мухин, Арууке Солтоной