Ўш вилоятининг Қара-Қулжа туманида турғунларнинг ҳайвонларини олиб, 80 минг сом қарзини бермай юрган жиноий гуруҳнинг аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда 24 октябрда вилоят милициясидан билдиришди.
Маълумотга кўра, 14 октябрда Қара-Қулжа туман ИИБга шу туманнинг турғуни ариза билан мурожаат қилган. У май ойида бир фуқарога ҳайвонларини бериб, ундан 80 минг сом пулини ололмаётганини билдирган.
Бу факт бўйича «Фирибгарлик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, текширув ишлари бошланган.
Гумондор қатори уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида ИИВнинг рўйхатида турган, бунгача бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган 43 ёшли турғун қўлга олиниб, қамалди.
Милициядан гумондор «Ғиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси бўйича айбланаётганини қўшимча қилишди.
Ҳозирда бу жиноятга алоқаси борларни аниқлаш мақсадида текширув ишлари давом этмоқда.
4 октябрда қонундаги ўғри Қамчи Колбаев МХДҚнинг қўлга олиш операцияси вақтида ўлдирилган. Махсус хизматдан уни қўлга олишга уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси «Дев Чингиз» лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлимида алоқаси бор деган ариза сабаб бўлганини айтишган.
МХДҚнинг бошчиси Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларига, жумладан, Колбаевнинг атрофидагиларга мурожаат қилиб, «агар кимдир бош кўтарса, қонун доирасида қаттиқ жазоланади» деб огоҳлантирган.
Шунингдек, Ташиев маҳаллий тадбиркорларни ва чет ўлкалик инвесторларни жиноий гуруҳларнинг аъзоларини молиямасликка чақириб, «энди Қирғизистонда криминал муҳит, “крим касса” деган бўлмайди» деб билдирган.