«Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ». Ўшда ўқувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи икки ойга қамалди

Ўш шаҳар милицияси. Сурат: Медер Ниязалиев / Azattyk

Ўш шаҳрида уч ўқувчини машинасида уриб кетиб, уларнинг бирини ўлимига сабаб бўлган 36 ёшли ҳайдовчи икки ойга қамоққа олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 18 октябрда шаҳар милицияси билдирди.

Маълумотга кўра, у 13 октябрда қўлга олиниб, Ўш шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди. Гумондорнинг эҳтиёт чораси 15 октябрда қаралиб, икки ойга қамоқда олдирилди.

5 октябрь куни соат 13:50 атрофида Осмонов кўчасида 36 ёшли ҳайдовчи Toyota Scion русумидаги машинаси билан пиёдалар йўлидан ўтиб кетаётган 3 ўқувчини уриб кетган.

Воқеа натижасида 13 ва 7 ёшли икки ўсмир жароҳатланиб, Ўш вилоят болалар касалхонасига етказилган. Бош суягидан жароҳат олган 13 ёшли ўсмир Ўш шаҳар касалхонасининг мия жарроҳлиги бўлимига ётқизилиб, операция қилинган. Аммо у ҳушига келмай 11 октябрда вафот этган.

Ўш шаҳар Йўл патрул хизмати машина бошқарган ҳайдовчининг гувоҳномаси йўқлиги аниқланганини билдирган.

Жабрланувчи томонлар ҳайдовчига нисбатан «ариза ёзишдан бош тортгани» айтилган.

«Турмуш» нашри гумонланаётган ҳайдовчи жорий йилнинг 9 сентябрида Ўш шаҳрига қарашли Жапалак қишлоғидаги йўлдан ўтиб кетаётган 11 ёшли ўсмирни уриб кетганини ёзган. Натижада ўсмир тан жароҳати олиб, касалхонага мурожаат қилган.