БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссарининг матбуот котиби Равина Шамдасани қирғиз ҳукуматини «чет эллик агент» ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишга ундади. Унинг мурожаати БМТнинг сайтида эълон қилинди.
У БМТ қонун лойиҳаси бўйича «жиддий хавотирда эканини» таъкидлади. Унинг айтишича, лойиҳа «кўплаган жамоат ташкилотларининг ишига таъсир қилиб, сўз эркинлигига ва бирлашмаларга бўлган асосий ҳуқуқлар бузилишига олиб келиши мумкин».
«Қонун лойиҳасида фаолияти “фуқароларни фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортишга ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларга қўл уришга туртки бўлган” деб ҳисобланган нодавлат ташкилотга фаол қатнашгани ёки қўллагани учун жиноий жавобгарлик ва 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган. Бу жиноятнинг маълумотномаси аниқ эмас, батафсил тушунча ва субъектив таҳлил қилишга имкон берилади», — деб таъкидлади у.
Шамдасани лойиҳа Адлия вазирлигига нодавлат ташкилотларни кутилмаганда текшириш, ҳужжатларини олиб қўйиш каби кенг ваколат беришини таъкидлади. Шунингдек, лойиҳа «сиёсий фаолият» билан шуғулланган ва чет ўлкадан молияланган ташкилотларни «чет эллик вакил» сифатида рўйхатдан ўтишни талаб қилади. Талаб бажарилмаса, нодавлат ташкилот суднинг қарорисиз олти ойга ишини тўхтатади.
«Биз Қирғизистон парламентини қонун лойиҳасини рад этишга чақирамиз», — деб қўшимча қилди БМТ камиссарининг матбуот котиби.
Бунгача қонун лойиҳасини Жогорку Кенешнинг икки тармоқли қўмитаси биринчи ўқишда маъқуллади. 17 октябрда парламентда қонун лойиҳаси бўйича тинглов ўтди.
Баҳсли қонун лойиҳаси
Бунгача Жогорку Кенеш депутатлари Нотижорий ташкилотлар ҳақидаги қонунга ўзгартириш киришни таклиф қилишган. Қонун лойиҳасини парламентнинг 33 депутати таклиф қилган.
Уларнинг орасида ижройи ҳукуматнинг тарафдори Надира Нарматова, МХДҚ раисининг укаси Шайирбек Ташиев ва «божхоначи» Матраимовлар кланининг вакили Искендер Матраимов бор.
Ташаббусчилар Россиянинг «чет эллик агент» деган маълумотномасининг бир турини киритиб, нотижорий ташкилотларга амалда бажарила олмайдиган талабларни қўйишмоқчи. Россияда бу қонун қабул қилингандан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан мустақил ОАВнинг бари ёпила бошлаган.
Қонун лойиҳасини Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик (IPHR), Норвегиянинг Хелсинки қўмитаси ва Human Rights Watch каби бир неча халқаро ташкилотлар ҳам танқид қилишган.
Қонун лойиҳасининг асосий ташаббусчиси депутат Надира Нарматова нотижорий ташкилотлар («чет ўлкалик агентлар») ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олмаслигини билдирган. Кейин айрим депутатлар лойиҳани таклиф қилишдан бош тортишган.