«У менинг президентим бўлган». Депутат Сатибалдиев Беларусда Бакиев билан учрашганини тасдиқлади

324

10 октябрда депутат Элмурза Сатибалдиев қочқин президент Курманбек Бакиев билан Беларусда учрашганини тасдиқлади.

«Мен бу сафар давомида Бакиев билан учрашдим. У менинг президентим бўлган, мен унинг даврида ишлаганман. Бу инсонийлик муносабат. У билан учрашиб, ҳол-аҳвол сўрадим. У билан сиёсат ҳақида эмас, ҳаётий мавзулар ҳақида суҳбатлашдик», — деб билдирди халқ вакили Kaktus.media’га.

AKIpress нашрига берган интервьюсида депутат аёлининг вафоти муносабати билан Бакиевга ҳамдардлик билдирмоқчи бўлганини айтган. 47 ёшли Назгул Толомушова Минскда 2023 йилнинг январида вафот этган.

«Мен ўз истагим билан учрашдим, аёлининг вафоти муносабати билан шахсан ўзига ҳамдардлик билдиришни лозим кўрдим. У билан яхши муносабатдаман, сабаби бирга ишлаганмиз. Учрашув бетараф ҳудудда ўтди. Ҳеч нарсани сўзлашмадик, мени асосий истагим ҳамдардлик билдириш эди. Қуръон ўқидик. Бир ярим икки соатга яқин ўтирдик. Мен ўзим ёлғиз учрашдим. Учрашишни ўзим таклиф қилдим», — деди у.

Сатибалдиев Бакиев президент бўлган вақтда Иссиқкўл вилоятининг прокурори, кейин МХДҚ раисининг ўринбосари, 2007-2009 йилларда бош прокурор бўлган.

Спикер Нурланбек Шакиев, Жогорку Кенеш депутатлари Беларусга бўлган сафарида

Сатибалдиев бошчилигидаги парламент делегацияси ўтган ҳафтада Минскка борган ва у давлат бошчилари билан учрашган. Делегацияни 2006-2009 йиллари Бакиевнинг матбуот котиби бўлган спикер Нурланбек Шакиев бошлаб борган.

Куни кеча ижтимоий тармоқда Шакиев депутатлар Элмурза Сатибалдиев ва Бактибек Сидиков бўлиб Бакиев билан учрашган деган маълумот тарқалган.

Бироқ спикернинг матбуот котиби Алтинбек Деркембаев бу маълумотни «ҳақиқатга мос келмайди» деб атаган.

«Давлат раҳбарларининг бундай расмий сафарларининг дастури олдиндан келишилиб, икки давлатнинг протокол, қўриқчилик хизматлари биргаликда ишлашади, шу сабаб учрашувлар очиқ ўтказилади. Баримиз спикер билан юрдик, мендан бошқа элчиликнинг ҳам ходимлари учрашувларга қатнашиб юрдик. Курманбек Бакиев билан учрашув бўлмаган», — деди «Азаттиқ»қа берган интервьюсида.

Шунингдек, Сидиков ҳам Бакиев билан учрашмаганини билдирди.

Курманбек Бакиев — Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган иккинчи президенти. 2010 йилдаги Апрель инқилобидан кейин оиласи билан Беларусга қочиб борган, ҳозирда ўша ерда яшайди. Қирғизистонда Бакиев сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг 25 йилини у кучайтирилган тартибдаги қамоқда ўташи керак.

Турли вақтларда давлат президентлари Бакиевни жазога тортиш учун ўлкага экстрадиция қилиб олиб келишга ҳаракат қилишган, аммо натижа бўлмаган.