Депутат Самийкожо: ИИВ оиладаги зўравонлик бўйича маълумот тарқатган манбаларга чора кўриши керак

274

Жогорку Кенеш депутати Мирлан Самийкожо Ички ишлар вазирлиги атайлаб оиладаги зўравонлик ҳақида маълумот тарқатаётганларга чора кўрилиши керак деб ҳисоблайди. Бу ҳақда депутат парламентнинг 27 сентябрдаги йиғинида билдирди.

Самийкожонинг айтишича, тарихда ота-боболар аёлларга доимо тенг ҳуқуқлилик билан муносабатда бўлган.

«Яқинда қулоқ-бурни кесилиб, [Селекция қишлоғидаги аёлнинг пичоқланиши] хўрланаётганлари — бу йигитчилик эмас, олийжаноблик эмас. Бу жуда ёмон кўриниш. Шу нарсаларни ҳам тарқатаётган нарсаларга ҳам қараб қўйишимиз керак. Атайлаб бир томондан чиқаётгандай бўляпти. [...] Сўзсиз ўшаларга [маълумот манбаларига] чора кўрилиши керак», — деди Самийкожо.

Депутат қирғизлар ҳеч қачон аёлни ажратган эмас, улар доим «бир тан, бир жон» бўлганини қўшимча қилиб, «аёл зотига босим қилиб, эркакларни ёмон, зўравон ва хўрловчи қилиб кўрсатиб қолмайдими» деб билдирди.

Қирғизистонда оиладаги зўравонлик

Оиладаги зўравонлик — ўлкадаги энг муҳим ва энг долзарб масалаларнинг бири. Бош прокуратуранинг расмий маълумотларига кўра, 2022 йили ўлкада оилавий зўравонликнинг 9 880 факти рўйхатга олинган.

2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.

Оиладаги зўравонлик муаммоси Чуй вилоятининг Селекция қишлоғида бўлган воқеадан кейин яна қизғин муҳокама қилина бошлади. 20 сентябрда мазкур қишлоқда милиция ажрашиб кетган аёлини хўрлашда гумон қилинган кишини қўлга олган.

Гумондор жабрланувчининг қулоқ-бурнини, юзини кесиб юборган. Шифокорлар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун саккиз соатга яқин операция қилишган, ҳозирда у касалхонада. У яна бир неча марта операция қилиниши керак.

Бу воқеа милиция ва судьяларнинг ишига нисбатан танқидни кучайтирган. Жабрланувчи ажрашиб кетган эри келиб зўрлаётганини айтиб, милицияга икки марта мурожаат қилгани маълум бўлган. Чуй вилоят ИИБи биринчисида жабрланган аёл аризасини қайтариб олгани учун суд текширувни тўхтатганини билдирган.

Бироқ жабрланувчининг синглиси бу маълумотни инкор қилмоқда. Иккинчисида суд айбланувчини пробация назоратига чиқарган. Олий суд судьянинг ҳаракатига тегишли баҳо беришини билдирган.

ИИВ ўз навбатида муассаса бошчиси Улан Ниязбеков «жиноят ишини объектив ва ҳар томонлама текширишга кафолат бериш учун» бу ишни ўз назоратига олганини билдирган.