Бишкек: Бирга яшаган аёлига зўравонлик кўрсатаётган гумондор икки ойга қамалди

16 сентябрда Бишкек шаҳрининг турғуни унинг дугонаси бирга яшаган одам томонидан зўравонликка учраганини айтди. Ижтимоий тармоқларга жойланган билдирувда аёлларга нисбатан зўравонлик сўнгги беш йилдан бери давом этаётгани айтилади.

«У жамиятга хавфли одам — American School’нинг етакчиси, 30 августдан бери дугонамни, бирга яшаган аёлини калтаклаб, турли йўллар билан масхара қилиб, дазмол босиб, буни рашк билан тушунтиради», — дейилади билдирувда.

Зўравонликка учраган аёлнинг жароҳатлари. Сурат ижтимоий тармоқдан олинди.

Шунингдек, уларнинг тўрт ёшли қизи борлигини, жабрланувчи «кетиб қолишга ҳаракат қилганда у “қизни олиб қўяман, охиригача бирга бўлишимиз керак” деб қўрқитгани» айтилган.

«Танишлари билан пулидан фойдаланиб, жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилиб, жазосиз қолганини сезиб, иссиқкўллик эканига ва танишларига суянмоқда. Сабаби у бир марта жазодан қочган: дугонамни тоққа олиб бориб, шафқатсизларча калтаклаганда у прокуратурага ариза ёзган, бироқ иш қўзғашмаган. Ҳозир аризани қабул қилди, аммо ишни чўзиб юриши мумкин»,  —  деб ёзган бу ҳақида айтган аёл.

Бишкекнинг Октябрь туман милицияси жабрланувчи 15 сентябрда ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлади. У фуқаролик никоҳда яшаган турмуш ўртоғи бир кун олдин уни калтаклаб, зўрлаганини айтиб берган.

Милиция бу воқеани «Зўрлаш» моддаси билан рўйхатга олиб, 38 ёшли гумондорни қўлга олган. Туман суди уни икки ойга қамоққа олди.

Тергов давомида жабрланувчига нисбатан тегишли экспертизалар тайинланиб, текширув давом этмоқда.

Қирғизистондаги оилавий зўравонлик

Қирғиз жамиятининг балоси — оиладаги зўравонлик. ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йилнинг етти ойида оиладаги зўравонликнинг 5911 факти рўйхатга олинган.

2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса 2021 йилдаги ҳисоботида Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалганини таъкидлаган.

Шунингдек, зўравонликдан омон қолганлар уларни хўрлаганларга бўлган иқтисодий тобеликдан ва жамиятдаги стигмадан зўравонликлар ҳақида маълум қилишдан қўрқишларини айтган.

Агар зўравонликнинг гувоҳи ёки қурбони бўлсангиз ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва республика ҳудудларидаги кризис марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.