Кампиробод иши: Қамоқдагилар уларга нисбатан қийноқлар давом этаётганини айтишмоқда

120

«Кампиробод иши» бўйича айбланаётган сиёсатчилар Азимбек Бекназаров, Равшан Жээнбеков, Кубаничбек Кадиров ва Жениш Молдокматов ҳамон қамоқда қийноққа солинмоқда. Бу ҳақда 6 сентябрда Равшан Жээнбековнинг фейсбук саҳифасига жойланган билдирувда ёзилган.

Унда тўрт сиёсатчини «ертўладаги зах, қоронғу, совуқ камерага ўтказгани камлик қилгандай, 5 сентябрдан бошлаб олдиларига касал одамларни кирита бошлагани» айтилган.

«Камеранинг ичида юриш у ёқда турсин, нафас олишга ҳаво етмай қолди. Янги киритилганларнинг орасида хавфли касаллик билан оғриган, қотиллик билан судланаётганлар бор экан. “Ҳукумат шундай йўл билан мухолифат вакилларини йўқ қилишни ният қилгандай” деб қабул қиляпмиз», — дейишди сиёсатчилар.

Қамоқдагиларга нисбатан қийноқ бўлаётгани ҳақида бунгача ҳам бир неча марта айтилган. Жээнбеков бунга «МХДҚнинг аралашуви борлигини» айтиб, халқаро ташкилотларга, қийноқларни олдини олиш марказига, Ҳақиқатчи институтига ва ҳуқуқ ҳимочиларига мурожаат қилган.

Жазони ижро этиш хизмати «Клооп»га сиёсатчиларни қийноққа олиниши ҳақидаги маълумотни рад этди. Муассасанинг матбуот котиби Изаат Тургунбаева «қийноқ — жиноят» эканини айтиб, «қамоқда бундай нарса йўқ» деб билдирди.

Кампиробод иши

2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деб айб қўйишган.

Уларнинг кўпи асоссиз қамалганини айтиб, очлик эълон қилиб, ноябрда бошланган акция декабрнинг охиригача давом этган. Айримлари суд мажлисларида ҳушини йўқотса, бошқалари аҳволи оғирлашиб кетгани учун касалхонага ётқизилган.

Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади.

Фаол, сиёсатчиларни қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи