Ўшда 10 нафар ўқитувчига турар-жой қуриш учун ер берилди

137

23 августда Ўш вилоятида 10 ўқитувчига уй қуриш учун ер олишга сертификат берилди. Бу ҳақда вилоят маъмуриятидан билдиришди.

Маълумотга кўра, ер участкалари Ўзган туманидан беш, Қорасув туманидан тўрт ва Аравон туманидан бир ўқитувчига берилди.

Сурат: Ўш вилоят маъмурияти
Сурат: Ўш вилоят маъмурияти

Бундан ташқари, беш ходим президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Элчибек Жантаев томонидан биринчи марта Ўш вилоятининг энг юқори мукофоти бўлган «Ўш вилоятининг фаҳрий фуқароси» унвони ва «Даанышман» медаллари билан тақдирланди.

Шунингдек, энг яхши ўқитувчиларга ва таълим муассасаларига фаҳрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбир Риспай Абдикадиров номидаги Ўш вилоят филармонияси томонидан Маориф ходимларига бағишланган концерт дастури билан давом этди.

Вилоят бўйича ёш ўқитувчиларга стимул бериш мақсадида шундай ер участкалари сўнгги икки йилдан бери берилмоқда. Ўтган йили 15 ўқитувчига уй қуриш учун ер олишга сертификатлар топширилган.