Қозоғистон билан Қирғизистон чегарасидаги «Ак-Тилек» назорат ўтказиш бекатида навбат кутган оғир юк ташувчи машиналарнинг 23 август тушки соат 13:00даги сони 600дан ошди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг чегара хизмати билдирди.
Муассасанинг маълумотига кўра, «Ак-Тилек-автойўл» бекати олдида навбат кутган 493 машина, «Кен-Булун-автойўл» назорат ўтказиш жойида 146 машина бор.
«Кеча сутка давомида Қирғизистондан Қозоғистонга 112 автомашина чиққан. Қирғиз томоннинг ўтказиш бекатлари кундалик тартибда ишламоқда», — деб билдирди муассасанинг матбуот хизмати.
21 августда Қирғизистоннинг чегара хизмати «Ак-Тилек-автойўл» назорат ўтказиш бекатида 370га яқин автомашина тирбандликда турганини билдирган. Бунгача Қозоғистон машиналарни секин ўтказгани сабаблиги айтилган.
Кейинчалик Иқтисод фанлари доктори, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ирригация илмий текшириш институтининг директори Улан Чортомбаев Фейсбук саҳифасида қозоқ ҳукуматига мурожаат йўллаган. У Қозоғистон томон Қирғизистон Киров сув омборидан сув беришни тўхтатгани учун чегарадан юк ташувчи машиналарни ўтказмаяпти деб билдирган.
Ўз навбатида Қозоғистоннинг чегара хизмати ҳеч қандай чеклов чоралари киритилмаган, ўтказиш пунктлари штат режимида ишламоқда деб билдирган.
22 августда Чуй вилоятининг мухтор вакиллиги оғир юк ташувчи машиналар тўпланган жойларда ҳайдовчиларга тиббий, руҳий, консультация ва бошқа ёрдам кўрсатиш учун чодирлар ўрнатган. Шунингдек, иссиқ овқат ҳам ташкил қилинган.