Ўш шаҳрида 150 дан ортиқ одамни Европада ишга жойлаштираман, деб алдаб, Бишкекда яшириниб юрган гумондор қўлга олинди. Бу ҳақда 15 августда шаҳар милициясидан билдиришди.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи Ўш шаҳрида махсус офис очган ва у ерга мурожаат қилганлардан Европага виза очиб, уларга Полша ва Германияга ишга жойлаштиришга ваъда бериб, пул олиб турган.
«У жабрланувчиларга Европадаги иш берувчилар билан шартномаси бор эканлигини айтиб, фирма улар хорижга чиқиб, ишга жойлашгунгача ҳаммасини кузатиб туради деб ишонтирган. Уларнинг аксарияти виза учун 1800 евро тўласа, баъзилари эса 900 евро берган», — деб таъкидлашди милициядан.
Мазкур ҳолат юзасидан «Фирибгарлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шаҳар судининг қарори билан тергов тугагунига қадар қамоққа олинди.
Ҳозирда ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларнинг ҳам аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Милициядан гумонланувчининг тузоғига тушиб қолганлар бўлса, 102 ва 0553 017 017 рақамларига қўнғироқ қилишни сўрашди.
Фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш маркази маълумотларига кўра, 2022 йилда республика ҳудудида рухсатсиз фаолият юритаётган идоралар бўйича милицияга 35 та, жорий йилнинг дастлабки 3 ойида эса 28 та материал юборилган.