Қирғизистон-Россия тараққиёт фонди Иссиқкўлдаги Жиргалан кўмир конини ишлатишга имтиёзли равишда 1,7 миллион доллар насия берилганини билдирди. Кон ҳақида ташкилотнинг маълумоти 14 августда маълум қилинган.
Маълумотга кўра, лойиҳанинг мақсади 2012 йилдан бери ишламайдиган Жиргалан конидан кўмир қазишни жонлантириш бўлган.
Билдирувда «Бизнес Инвест Компани» ишхонаси ажратилган пулга Россиядан махсус техникаларни ва шахтерларнинг кийим-кечакларигача сотиб олгани айтилди.
Бунгача президент Садир Жапаров Жаргалан кони 12 йилдан кейин ишга тушганини таъкидлаб, конни Марат исмли бизнесмен ишлатаётганини айтган. Бунинг учун қирғиз-рус тараққиёт фондидан насия берилганини қўшимча қилган.
Давлат раҳбари «шахта ўзини-ўзи оқлаш билан катта даромад олиб келади» деган ишончда.
Жиргалан кони атрофида нима бўлмоқда?
3 августда Вазирлар Маҳкамаси 12 йилдан бери ишламай турган Жиргалан кони ишга тушганини маълум қилган.
4 августда Иссиқкўл вилоятининг собиқ губернатори Эмилбек Каптагаев кон ҳамон ишламаганини айтиб, «ёлғон маълумот халқни ранжитиб, ишончни йўқотади» деб билдирган.
«Ишга тушди деб айтилаётган кичик шахтани Бакит Доргоев очган "Дорго-комур" ишхонаси, ҳолига яраша ишлаётган кичик шахта. Бу ерда кўп бўлганман. Айтилаётган "Жиргалан кўмир шахтаси" ишламай қолган, ичига сув тўлиб, ҳозир ҳам шундай», — деган Каптагаев.
Жиргалан қишлоғининг турғуни Турат Аким Каптагаевнинг сўзларини тасдиқлаб, янги ишга тушди дейилган «Жиргалан» кони бунгача ишлаётган «Донго» карьери эканини айтган.
«Ҳақиқий “Жиргалан-Капитольная” шахтаси уни Садир Жапаров бошқарган вақтда сув остида қолган ва уни қайта тиклаб бўлмайди. [...] Бир томондан ўтган очиқ ташқи карьерни тортиб, аввалги шахта қайта тиклангандай кўрсатишибди», — деган у.
Каптагаев билан Турат Акимнинг айбловига Энергетика вазирлигининг матбуот котиби Айзада Сулайманова жавоб берган. Сулайманова уларни «ёлғон маълумот тарқатишда» айблаган.
Жиргалан кони 1959 йилдан бери қазила бошлаган ва ундаги кўмирнинг заҳираси 18 миллион тонна деб ҳисобланган.