Собиқ Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазири Динара Кутманова вазирликдаги «йирик коррупциянинг асосий ташкилотчиси» сифатида гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 25 июлда МХДҚдан билдиришди.
Махсус хизмат Кутманова вазир бўлган вақтда барча ваколатларга эга бўлиш билан бирга ҳукумат вакиллари томонидан берилган ишончга қарамай, шахсий амбицияси ва ўз манфаатини кўзлаб, давлат пулларини ўзлаштириш бўйича йирик коррупция тармоғини уюштирган деб билдирди.
«Собиқ вазир ноқонуний коррупция ишларига қўл остидаги ходимларнигина эмас, ўзининг яқинларини (ўғли ва синглисини), яқин атрофдагиларни (уй хизматчиси, ўғлининг дўсти) жалб қилиш билан табиат ва экологияни ҳимоя қилиш тармоғи учун сохта лойиҳаларни молиялашга ариза беришни уюштирган», — дейишди МХДҚдан.
Кутманова МХДҚнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди. Махсус хизматдан бошқа шу каби ҳолатларни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилишди.
Вазирликдаги коррупция
22 июлда МХДҚ Табиий ресурслар вазирлиги билан «Табиатни ривожлантириш» фондидаги «коррупция» бўйича қўзғалган иш асосида Кутманованинг умумий саккиз одамини ва ҳамкасбларини қўлга олган.
Махсус хизмати «Табиатни ривожлантириш» фондида маблағлар мақсадсиз фойдаланиш, ноқонуний шартнома тузиш ва Кутманованинг оиласи томонидан пулни ўзлаштириш фактларини аниқлаган.
Ўша куни Кутманова Туркиядаги ўғлини номаълум одамлар ўғирлаб кетиб, «Қирғизистондаги айрим одамларнинг буюртмаси» деб 2 миллион доллар талаб қилишганини айтган.
Собиқ вазир ўғлини ўғирлаш бўйича ишга Бишкек шаҳар ИИБнинг жиноят қидирув бўлими бошчиси Улан Айтбаев раҳбарлик қилганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Айтбаев собиқ вазирга «ўғирлаганлар ўғлини ногирон қилиб қўймаслиги учун бу ҳақда ОАВ ва жамоатчиликка маълум қилмаслик ҳақида» огоҳлантирган.
Эртасига МХДҚдан Кутманованинг ўғли Туркияда миграция хизмати томонидан «коррупцияга» гумонланиб қўлга олиниб, депортация қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдиришган.
Кутманованинг иши ҳақида президент Садир Жапаров ҳам изоҳ бериб, боласининг ўғирлангани ҳақидаги маълумотни «жавобгарликдан қочиш учун ўзлари уюштирмоқда» деб билдирган.
Ташиевнинг огоҳлантириши, Кутманованинг жавоби
20 июлда Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигини сарҳисоб қилувчи йиғин ўтказган. Йиғинда Ташиев сўзлаб, коррупцияга аралашганлар «жазосиз қолмаслигини, бугун ёки эртага жазоланишини» огоҳлантирган. У собиқ Табиий ресурслар вазири Динара Кутмановани мисол келтириб, унинг «Кумтор»даги ишини танқид қилган.
Ташиевнинг айтишича, бир йилда «Кумтор»га бир қанча лойиҳалар учун 4 млн доллар берилган, аммо бирорта лойиҳанинг натижаси бўлмаган. Ташиев Кутманова ўз болаларини, синглисини ва дўстларини ишга жалб қилганини айтган. МХДҚнинг бошчиси бунга алоқаси борлар жазоланишини қўшимча қилган.
Кейин Кутманова Ташиевнинг сўзларини рад этган. Кутманова ўзи ҳақида нотўғри ва бир томонлама маълумот етказилаётганини айтган.
У «Кумтор»нинг пули эвазига молияланган 110 лойиҳа самарасиз бўлганини ҳам инкор қилган. У ўз сабабларини айтиб бериш учун Ташиевга мурожаат қилиб, қабул қилишини сўраган.
Динара Кутманова вазир бўлиб 2021 йилнинг 13 октябрида тайинланган. Бунгача Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ўрмон хўжалиги бўйича давлат агентликнинг директори бўлган. Кейин муассаса тарқатилиб, вазирлик бўлиб қайта тузилган.
2022 йили вазирлик ижроий ҳукуматнинг ишини мониторинг қилишда «паст» баҳо олган. 2023 йилнинг мартида Динара Кутманова муассасанинг раҳбари вазифасидан бўшатилган.