МХДҚ: АҚШнинг санкция чекловларини бузишга Қирғизистоннинг ҳам, давлат компанияларининг ҳам алоқаси йўқ

133

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси (МХДҚ) Россияга санкцияга учраган товарлар ташилаётгани учун АҚШ Қирғизистонга нисбатан санкция солиши мумкин деган маълумотга изоҳ берди.

МХДҚдан «АҚШ ва ғарб давлатлари Россияга қарши киритган санкция чекловларини сақлаш режимини бузишга қирғиз давлатининг ўзини ҳам, давлат тузумлари билан компанияларнинг алоқаси йўқлигини» билдиришди.

«МХДҚ бунга хусусий компаниялар билан фирмаларни ўзларининг тадбиркорлик, ишлаб чиқариш фаолияти асосида улар таъминлаган маҳсулотларнинг охирги истеъмолчиси ва фойдаланувчиси кимлигини билмасдан санкциявий чекловларни бузишга қўшилиб қолиши мумкинлигини таъкидлайди», — дейилади МХДҚнинг билдирувида.

Махсус хизмат «бундай ҳаракатларни, бу нарсага алоқаси бўлган хусусий компаниялар билан фирмаларни аниқлашга ва тўхтатишга йўналтирилган» тегишли текширув ҳамда тергов ишлари бошланганини билдирди.

«Қирғиз республикаси ва унинг давлат тузимлари тегишли халқаро нормалар ва қоидаларга амал қилади», — деб билдирди МХДҚ.

Бунгача ўлканинг Иқтисод вазирлиги ҳам шундай маълумот берган. Муассаса Қирғизистондан Россияга ташилаётган Хитойнинг DJI Agras T30 русумидаги 14 дронни Қозоғистонда ушланганига изоҳ берган. Дронлар қўлга тушгани июннинг бошида маълум бўлган. Қозоғистоннинг божхона хизмати билдиришича, товарни олиб кетаётган «Импульс-Инвест» МЧЖнинг товарга лицензияси бўлмаган.

Иқтисод вазирлигидан «бу компания самолётлар қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилаётганини ҳисобга олиб, бу товар экспорт назоратига олинишини билмаса керак» деб билдиришган. Шунингдек, муассасадан «бу иш экспортлар назоратидаги ягона қонунбузарлик эканини», бунинг учун ишхона жавобгарликка тортилганини қўшимча қилишган.

«2023 йилнинг март-апрель ойларида АҚШ, Евроиттифоқ ва Буюк Британия вакилларининг Қирғизистонга бўлган сафаридан кейин вазирлик экспорт назоратини, улар орасида ҳарбий ва иккиламчи товарларга назоратни кучайтириш бўйича ишларни ташкил қилиш мақсадида, уларнинг ноқонуний айланишини тўхтатишни кўзлаган. [...] Экспорт назоратидаги товарларни ноқонуний олиб келишга/экспорт қилиш йўл бермаслик бўйича республиканинг бизнес-жамоатчилиги билан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — деб билдирилди Иқтисод вазирлигидан.

Бунгача The Washington Post нашри АҚШдаги масъул ходимлар орасидаги манбаларига таяниб, АҚШ президентининг маъмурияти Қирғизистонга нисбатан Россияга санциялардан четлаб ўтишга «кўмаклашгани» учун иқтисодий таъсир чораларини режалаштираётганини ёзган. Аниқ қайси чоралар ҳақида сўз бўлаётганини нашр айтган эмас.

Нашрнинг маълумотига кўра, бу чоралар зудлик билан шу ҳафтада қабул қилиниши мумкин. Журналистларнинг ўз манбалари бир қатор америкалик ва европалик дипломатларнинг Бишкекдаги бир неча ой давом этган сафаридан натижа бўлмаганини билдиришган.

Аввалроқ АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери Қирғизистон Украинага кенг кўламда ҳужум қилган Россиядан умид қилмаслиги учун республикага ёрдам бераётганини билдирган. У АҚШнинг мақсади ҳозирда Қирғизистонни санкциялар билан «жазолаш» эмас, ўлка санкциялардан четлаб ўтиш жойига айланиб қолмаслиги учун унга маълумот бериш эканини таъкидлаган.

Бунгача «Азаттиқ» нашри Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари Украинадаги урушга алоқадор рус компанияларига ғарб техникаларини етказиб бергани ҳақида ёзган. Улар Ғарбнинг Марказий Осиё орқали ҳарбий товарларни ўтишига тўсқинлик қилишига қарамай, қирғиз ва қозоқ компаниялари бир йўналишда фойдаланувчи технологияларни ташиганини аниқлашган.

Россия 2022 йилнинг февралида Украинага ҳужум бошлангандан кейин АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар киритиб, ҳарбий соҳада қўлланиши мумкин технологиялар экспортини қийинлаштирган. Бироқ Россия бу чекловларга илинмай қолган бошқа давлатлар орқали, жумладан Қирғизистон ва Қозоғистон орқали ғарб технологияларини олишни давом эттирмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ аввалроқ Россиянинг ҳарбий тармоғига кўмаклашган бир қирғиз ишхонасига санкция киритгани маълум. Бу Tro.Ya деб аталган компания экани маълум бўлган. Мазкур компанияни АҚШнинг Савдо вазирлиги Россиянинг ҳарбий ва мудофаа тармоқларини қўллагани учун қора рўйхатга киритган.