Ўшнинг Қорасув туманидаги Наримон ҳудудий касалхонасининг туғруқхона бўлимида ҳомиладор аёлнинг яқинлари навбатчиликдаги акушер-гинекологга ҳужум қилди. Бу ҳақда 16 июлда Мустақил тиббиёт касаба уюшмасининг етакчиси Бермет Бариктабасова фейсбук саҳифасида ёзди.
Бариктабасованинг айтишича, воқеа 11 июль куни кечда бўлган. Унда туғруқ учун келган аёлнинг яқинлари ҳали туғилмаган болани бошқа одамни номига ўтказиб беришни талаб қилган. Акушер «ҳужжатни қалбакилаштиролмаслигини» айтганда, уни калтаклашган.
«Шифокор ўз вазифасини бажаргани — янги туққан аёл билан болани тўғри рўйхатга қўйиш керак дегани учун калтаклашди. Бу маълумот давлат рўйхатга олиш хизматига юборилади. Маълумотни ўзгартириш жиноят», — деди у.
Шунингдек, Бариктабасова жабрланган шифокорнинг тушунтириш хатидан парча жойлади. Унда акушер «аёлни кўриб, ҳомиладорлиги ҳақидаги картасини ўқигандан сўнг уни Ўш шаҳридаги туғруқхонага юборгани» айтилади.
Жабрланувчининг айтишича, ҳомиладор аёлнинг қариндоши Ўшдаги туғруқхонага боришга рози бўлмай, «шу ерда туғдириб, болани мени номимга ёзасан» деб талаб қилган. Кейин кутилмаганда ташланиб, ура бошлаган. Ҳомиладор аёлнинг эри акушернинг қўлини ушлаб турган. Шифокорлар эса милиция чақирган.
«Бироз ўзимга келиб, яна ишга киришдим. Тонг отгунча навбатчиликда бўлдим. Бироқ касал бўлиб юрдим. Унда оғриқни ҳам сезмагандим. Навбатчиликдан кейингина медэкспертизадан ўтдим. Ҳаммаёғим оғриб, қайта-қайта қусиб, учинчи куни касалхонага ётишга тўғри келди. Унгача жой йўқ дейишди», — деган жабрланувчи.
Ўш вилоят милициясидан «Клооп»га жабрланувчи 12 июлда Қорасув туман ИИБга мурожаат қилганини тасдиқлашди. Милициядан бу иш рўйхатга олиниб, ҳозирда текширув бораётганини таъкидлашди.
Бариктабасованинг айблови
Мустақил тиббиёт касаба уюшмасининг етакчиси «шифокорлар жамияти номидан блогер Улукбек Карибек ўғлини суд жавобгарлигига тортишни» талаб қилди. У «блогер миллионлаган кишини туғруқхоналарни бузишга чақиргани учун айбдор» деб ҳисоблайди.
«Улукбек билан алоқасини аниқлаш қийин, аммо яшовчиларнинг кўпи тиббиёт ходимларини уриб, улардан қонунни бузишни талаб қилиш оддий кўриниш деб ҳисоблаб қолди», — деб таъкидлади у.
Бироқ бу бўйича блогер Улукбек Карибек ўғлидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Блогернинг қўлга олиниши
Блогер Улукбек Карибек ўғлига 15 июлда «Безорилик» моддаси билан иш қўзғалиб, 48 соатга қамалган. Милициядан блогер икки шериги билан вилоят касалхонасининг туғруқхона бўлимига «санитар қоидаларга амал қилмай, бостириб кириб шифокорларга зарар берганини» айтишган.
Улар туғруқхонага деярлик 37 минг сомга яқин зарар келтирганини ва шифокорлар қай даражада жароҳатланганини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланганини билдиришган.
Карибек ўғли милиция ходимлари уни «буюртма» асосида қўлга олишганини айтган. Блогер уни қамоққа олишга Ўшдаги туғруқхонадаги «коррупция» ҳақида берган видеоси сабаб бўлди деб ҳисоблайди.
У бунга соғлиқни сақлаш вазири Гулнара Баатирова билан Таълим вазирлигининг «алоқаси бор» деган шубҳали фикрини билдирган. Кейин ҳеч қаёққа кетмаслик тилхати билан бўшатилган.