Давлат котиби Суйунбек Касмамбетов Европарламентнинг Қирғизистондаги ОАВга ва сўз эркинлигига нисбатан босим ҳақидаги муҳокама қилинган резолюцияни қабул қилиниши ортида «сиёсий манфаати бор одамлар турибди» деб билдирди. Бу ҳақда давлат котиби «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида айтди.
Касмамбетовнинг фикрича, европаликлар «қирғиз деган миллат ўзгача миллат эканини ҳамон яхши билмайди».
«Қирғизлар минглаб йиллардан бери инсон ҳуқуқи, сўз эркинлигини энг юқори ўринга қўйиб келган ва бундан кейин ҳам қўяди. Қирғизистонда инсон ҳуқуқи, сўз эркинлиги чекланди деган куннинг эртасига исён бўлади. Буни ўқдан, ўтдан қўрқмаган қирғиз халқи уч марта исботлади. Қирғиз халқи эркинликни севган халқ шу сабаб хавотирланишга асос йўқ», — деди давлат котиби.
У фуқаролар кўчада ва ижтимоий тармоқларда «эркин сўзлаётганини» мисол келтирди.
«Айримлар президентни сўкаётганини кўрасан. Шуни ўз сўз эркинлиги бўлмай нима? Бошқа ҳеч бир давлатда ижтимоий тармоқлар орқали президентни сўкканини кўрмадим», — деб қўшимча қилди Касмамбетов.
У Европарламентнинг резолюциясидаги Кампиробод иши бўйича қўлга олинган фаол ва ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилиш бўйича чақириғи бўлган пункт бўйича фикрини айтди.
Давлат котиби Европаламент «ўлканинг [Қирғизистон] ички ишларига аралашишга умуман ҳаққи йўқ» деб таъкидлади.
«Германиянинг депутатлари [муҳокама вақтида] жуда фаоллигини кўрсатишди. Ундай бўлса Германияда ҳам 20дан ортиқ одамни тўнтарилиш уюштирмоқчи бўлди деб бир зумда қамаб қўйди-ку. Нимага уларни айтишмайди? Иккиси бир хил иш. Фарқи йўқ. Бу дегани Германия тинч бўлиши керак, Қирғизистонда тўполон бўлиб туриш керак деган Европарламентнинг нотўғри сиёсати деб тушинсак бўлади», — дейди Касмамбетов.
Касмамбетов Кампиробод сув омбори бўйича масала нотўғри ҳал қилинганда халқ оммавий равишда кўчага чиқарди деб ҳисоблайди.
«Тўғри ҳал бўлаётганини кўрган кўпчилик қўллади. Албатта, ўша вақтда фойдаланиб қолайлик деган кучлар ҳаракат қилишди. Аммо халқ қўлламади. Ўзлари қамалиб кетишди. Энди суднинг қарорини кутишимиз керак. Балки, оқланишар, ким билади?» — деб сўзини якунлади давлат котиби.
Европарламентнинг резолюцияси ва Бишкекнинг реакцияси
Европарламентнинг депутатлари 13 июлда ўтган йиғинда Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларига ва сўз эркинлигига нисбатан босим ҳақидаги резолюциясини қабул қилишган. Ҳужжатда Қирғизистонда 2022 йилнинг январидан бошлаб инсон ҳуқуқлари ва эркинлигининг аҳволи кескин ёмонлашиб кетгани айтилган.
Резолюцияда қирғиз ҳукуматига ОАВга нисбатан босимни тўхтатиш, фуқаролик жамиятларига ва журналистларга хавфсиз иш шароитларини тузиб бериш, шунингдек Кампиробод иши бўйича фаоллар билан ҳуқуқ ҳимоячилари зудлик билан озод қилишга чақиргани айтилган.
«Адилет» ҳуқуқ клиникасининг бошчиси Чолпон Жакупова резолюцияга изоҳ бериб, бу Қирғизистонга «сўнгги огоҳлантириш» бўлиб ҳисобланишини таъкидлади. Унинг фикрича, агар қирғиз ҳукумати Еврпопарламентнинг чақириқларини эътиборсиз қолдирса, санкциялар қабул қилиниб, Қирғизистон иқтисодий томондан яккаланиб қолиши мумкин.
ТИВ резолюция «ўлкадаги вазиятни ҳақиқатга мос келмаган шароитда» ёритган деб ҳисоблаган. Муассаса резолюцияни «нохолис», «бир томонлама фикрларга асосланган» деб атаган. Шунингдек, резолюцияни «кутилмаганда» ва «шошилинч турда қабул қилинганига» афсусдалигини билдирган.