Бишкек: Жинсий тажовуз туфайли кўзи ёрган 15 ёшдаги қизга моддий ёрдам керак

185

Бишкекнинг турғуни Нургул Пирматова Фейсбук саҳифасида зўрлашдан жабрланган Айназик исмли қиз ҳақида айтиб берди. Пирматова уни савдо марказларининг бири олдида эмизикли боласи билан садақа сўраб ўтирганда учратган.

Айназик Пирматовага 14 ёшида ҳозир уй қамоғида ётган киши зўрлаганини, ўзи болалар уйида катта бўлганини айтиб берган.

«Ҳозирда болага керакли бўлган нарсаларни: тагликларни, нам сочиқларни, ювинишга керакли гель, гигиена воситаларини, бурунга респиратор сотиб олдик. Онасини кафеда овқатлантирдик. У ерда ўтириб кўп нарсани эшитдим. Қиз туғилгандан бошлаб баъзан болалар уйида, баъзан онасиникида, онаси деб ҳам айтолмайсан, ўсибди. Болалар уйига қайтса, гўдакни болалар уйига олиб қўйишади деб чўчийди. Болани йўқотиб қўйишдан қўрқади. Ўз онаси эса ёшлигида хўрлабди, натижада ўнг қўли жабрланган экан, суяги қийшиқ бўлиб, қўли ўсмай қолган. Чап қўли яхши. Қизнинг саводи йўқ, оз-моз ёзиб, ўқийди», — деди Пирматова.

Айназик ҳақида маълумот чиққандан кейин у билан «Боланинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш лигаси»дан ҳуқуқ ҳимоячиси Назгул Турдубекова ҳам учрашган. Турдубекова қиздан хабар олиб, онаси билан қашшоқликда яшашини билган.

«Пули даволаниш билан боланинг овқатига кетар экан. Қиз кесарево йўли билан кўз ёрган. Бола эммайди, болалар овқати берилар экан. Жинсий зўравонликдан кейин ҳомиладор бўлиб қолган. Жиноятчи жавобгарликка тортилибди. Бир неча йил болалар уйида ҳам яшабди. [...] Оила квартирада яшайди. Ҳозирча деб кийим-кечак ва пул бериб келдим. Аҳволи мен ўйлагандан ҳам хароб экан», — деб ёзди Турдубекова Фейсбук саҳифасида.

Кўп ўтмай Турдубекова Айназикнинг воқеасига Бишкек мэрияси билан Меҳнат ва ривожлантириш бошқармаси эътибор қаратганини билдирди. Маҳаллий ҳукумат, унинг айтишича, «эмизикли боласи бор 15 ёшли қизга ёрдам беришга тайёр эканини» билдирган.