ТИВ: Россияда автоҳалокатдан олти киши ҳалок бўлди, улардан икки нафари қирғизистонлик

149

27 июнга ўтар кечаси Россиянинг Самара вилоятидаги трассада автоҳалокат рўйхатга олиниб, олти киши ҳалок бўлди. Улардан икки нафари қирғизистонлик эканини Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Маълумотга кўра, автоҳалокат 27 июнга ўтар кечаси тахминан соат 00:05да А-300 йўлининг 109-километрида қайд этилган. Унда Honda Stepwgn билан Hyundai Elantra автомашиналарининг тўқнашуви оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, яна 7 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилди.

Ҳалок бўлганларнинг икки нафари Қирғизистон фуқаролари — 1992 йилда туғилган эркак киши ва 1979 йилда туғилган аёл. Қолган тўрт нафари эса Ўзбекистон фуқаролари.

«Ҳодиса сабаблари ва ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси жабрланган ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини ватанига етказишни ташкил қилади», — дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг 21 августида Россиянинг Ульяновск вилоятида ҳам автоҳалокат рўйхатга олиниб, 14 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон фуқаролари Қозоғистон чегарасига кирди-чиқди қилиш учун бориб қайтиб келишаётган эди. Ўшанда Россиядаги меҳнат муҳожирлари сўнгги пайтларда рўйхатдан ўтиш талаби ортгани ҳақида айтиб келишган.

Воқеа туфайли 23 август Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинган. Ўлган муҳожирларнинг эса қариндошларига пул тўланиб берилган.