Абубакир Изибаев номидаги давлат циркининг директори Фархад Бекманбетов ўз истаги билан ишдан кетиш ҳақида ариза берди. Маълумотни «Клооп»га 10-июнда маданият вазирлигининг матбуот котиби Айнура Асанбаева тасдиқлади.
Унинг айтишича, вазирлик Бекманбетовни ишдан кетиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирган. Ҳозирча унинг ўрнига ким раҳбар бўлиб тайинланиши номаълум.
47 ёшли Фархад Бекманбетов циркдаги жониворларни қаровсиз қолгани ва ишчилар учун шароитлар яратилмагани ҳақидаги можародан кейин ариза берди. Бекманбетов циркни тўрт йил бошқарди — бу лавозимга у 2019 йилнинг январида тайинланган.
Бекманбетов 2006 йили «Айтиш фильм» киностудиясида продюсер, 2008 йили «Айтиш» жамоат фондида директор бўлиб ишлаган. 2016 йилдан 2017 йилгача маданият вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Қирғиз циркидаги можаро
Шу йилнинг 10-апрелида давлат циркининг артисти Асланайим Аширова муассасадаги жониворлар қаровсиз қолганини айтган. У жониворлар «циркнинг ҳовлисида доим қаровсиз юриб, бу ердан ўтган ходимлар билан артистларга ҳужум қилиши мумкинлигини» билдирган.
Шунингдек, Аширова бунгача циркнинг директори муассасанинг ҳовлисида кўпкарига чиқадиган ўзига тегишли отларни боқтирганини билдирган. Мазкур маълумотни циркнинг собиқ бадиий раҳбари, гимнаст ва ўқчи Аида Акматова ҳам тасдиқлаган.
Циркнинг директори Фархад Бекманбетов муассасанинг жониворлари қаровсиз, оч қолмоқда деган маълумотни инкор қилган. У Ашировани «провокатор» деб атаган.
Кўп ўтмай циркдаги муҳокама фонида депутат Жанар Акаев Қирғизистондаги «ҳайвонот боғларини ёпишни ва жониворларни циркдаги ўйинларга иштирок этишини тақиқлашни» таклиф қилган. Аммо парламент унинг лойиҳасини «муҳим эмас» деган сабаб билан рад этган.
Кейинчалик циркнинг ҳолати бўйича, Бишкек шаҳар кенгашининг «Социал-Демократлар» партияси прокурор билан маданият вазирига билдирув юборган. Улар муассасани текширишни, циркка лавозимига мос раҳбар тайинлашни ва бу ерда ишлаганларга шароит яратиб беришни талаб қилишган.
Қирғиз цирки 1962 йили тузилса, унинг Бишкек шаҳридаги биноси 1976-йили фойдаланишга топширилган. Бу ерда 130га яқин одам ишлайди, уларнинг 40га яқини ижодкор инсонлар.