Қирғизистон урушга қарши чиққан фаол Алексей Рожковни Россияга депортация қилди

194

«Зона солидарности» ташкилотидаги ҳуқуқ ҳимоячилар Қирғизистон ҳукумати урушга қарши бўлган фаол Алексей Рожковни Россияга депортация қилганини билдирди. Рожков 2022 йил февралида рус армияси Украинага кенг миқёсда бостириб кирганидан кейин Екатеринбургнинг Березовск шаҳридаги ҳарбий комиссариатни ёқиб юборган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Рожковни май ойи охирида Россияга олиб кетишган. Ҳозирда у Екатеринбургдаги ТИЗО-1 да ўтирибди.

Ташкилотдагилар военкомат ёқиб юборилгандан кейин Рожков қўлга олиниб, «қотилликка уриниш»да айбланганини, сабаби ўша пайтда бинода бир аёл борлиги айтилганини билдиришди.

«Ярим йилдан сўнг бу модда “мол-мулкка зарар етказиш” моддасига ўзгартирилди ва Рожков ТИЗОдан бўшатилган. Расмийлар ҳарбий комиссариатларини ёқиб юбориш иши “террорчилик ҳаракати” сифатида кўрилиши керак, деб бошлаган вақтда, Рожков Россиядан чиқиб кетган», — деб билдиришди «Зона солидарности» ташкилотидан.

Рожков 2022 йил декабрь ойида Россиядан чиқиб кетган. 2022 йилда Россияда жами 77 та ҳарбий комиссариатни ёқишга уриниш рўйхатга олинган.

Россиянинг Украинага ҳужумига қарши чиқаётган фаоллар нафақат Россиянинг ўзида, балки Россия билан дўстона муносабатда бўлган давлатлар, масалан, Қирғизистон каби давлатларда ҳам босимга учрашмоқда.

Аввалроқ Бишкекда руслар томонидан очилган «Қизил том» жамоат маркази ёпилган. Фаоллар марказни ҳуқуқ-тартибот идоралари босими туфайли ёпишга тўғри келганини айтишган.