22 майда ижтимоий тармоқларда блогер Улукбек Карибек ўғли Бишкекдаги Тинистанов кўчасида йўл қоидасини бузган видео тарқалди. Унда блогер йўл чизиғини кесиб ўтиб, машинасини қарши томонга тўхтатиб, хавфсизлик камарини тоқмаганини кўриш мумкин.
Видеога олган киши Карибек ўғлига «халқдан катта нарса талаб қилиб, мана шундай қарши томонда турибсиз?» деб, машина рақамини олишга ҳаракат қилганда у машинани ҳайдаб кетган.
«Энди "сплошной"ни кесиб ўтяпти. Мана қаранглар. Шу блогерлар кейин бизга бирор нимани ўргатади», — деб норози бўлди гувоҳ.
Кейинчалик Карибек ўғли таълим вазири билан учрашувга борганини айтиб, машинасини қарши томонга «шошилинч қўйганини» билдирди. У қоида бузганини «бундай нарсалар бўлиб туради, инсонийлик фактори» деб тушунтирди.
«Йўл қоидасини бузгани сабаб жавобгарликка тортилиш учун ДАН ходимларини чақирдик. Ҳаммамиз қонун деймиз, қонун барчага баробар бўлиши керак. Йўл қоидасини бузганим жиноят эмас. Аммо йўл қоидасини бузмаган одам йўқ бўлса керак. “Йўл қоидасини бузмаганман” деган ҳайдовчини кўрмаганман, эшитмаганман ҳам», — деди у.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасидан «Клооп»га Карибек ўғли «Қарши ҳаракат қисмига чиқиш билан қоида бузгани» ва «хавфсизлик камарини тоқмагани» учун умумий 15 300 сом жаримага тортилганини билдиришди.
Карибек ўғли ким?
Улукбек Карибек ўғли блогер ва фуқаровий журналист сифатида маълум. У журналистика тармоғида 2011 йилдан бери ишлайди. Бошида у «Манас Жанириғи» телеканалида ишлаган, кейин «Марва» телеканалини бошқарган.
Карибек ўғли 2021 йилдаги парламент сайловида «Эл Умуту» партиясидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини кўрсатган. Номзодлар рўйхатида иккинчида турган. Аммо партия сайловдан ўтолмай қолган.
Шунингдек, у Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсаловнинг танқидига учраган блогер сифатида ҳам маълум. Байсалов унинг видеосини мисол қилиб, ҳукумат блогерларнинг «чегарадан чиққан» ҳаракатига чора кўради деб билдирган.
Карибек ўғли унинг танқидини «жамиятга тескари маълумот тарқатиш» қатори сифатлаб, маълумотни манипуляция қилиш «давлат ходимининг этикасига тўғри келмайди» деган.
Блогер видео материалларини YouTube каналига чиқаради. Каналнинг 470 мингдан ортиқ обуначиси бор.