Ўш шаҳрида аёл режиссёрларнинг V кинофоруми бўлиб ўтди

11-14 май кунлари Ўш шаҳрида совет қирғиз режиссёри Лиля Турусбекованинг 90-йиллигига бағишланган «Қирғизистон аёл режиссёрларининг V кинофоруми» бўлиб ўтди.

Тадбир Швейцария ҳукумати ва Қирғизистоннинг Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига қарашли Кинематография департаментининг ёрдами билан ташкил қилинди.

Кинофорумнинг очилиш маросими Ўш давлат университетида бўлди. Унда Лиля Турусбекованинг «Катышкандык» номли ҳужжатли фильми намойиш қилиниб, тадбир меҳмонларига сўз берилди.

Форумга умумий 14 режиссёр аёл қатнашиб, фильмлари «Семетей» кинотеатрида намойиш қилинди. Таберик Юсупованинг «Киндик эне» фильми энг яхши деб топилиб, «Осиё ижодкор аёллари» жамоат фонди томонидан келаси кино лойиҳа учун «Техник ёрдам» сертификатига эга бўлди.

Шунингдек, Севара Бекмурадованинг «Кулча», Дайана Ибраеванинг «Туз эфир», Таберик Юсупованинг «Киндик эне» ва Сауле Муканбетованинг «Умут» фильми «Кино танқидчиларнинг танлови» мукофотига эга бўлди.

Бундан ташқари, кинофорумда Қирғизистон, Туркия, жанубий Кореядан келган режиссёрлар «Кино ишлаб чиқаришнинг асослари», «Замонавий кинематографияда гендер аспектлари» мавзусида тренинг ўтишди.

Форумда «Аёл-режиссерларга квота бериш» мавзусида муҳокама ташкил қилиб, иштирокчилар бу бўйича Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига мурожаат йўллашди.

Тадбирнинг сўнгги кунлари режиссёр Жанил Жусупжаннинг «Уркор, уркор, уч жилдиз, уркуп кайда барасин» ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлди.

«Қирғизистон аёл режиссёрларининг кинофоруми» ҳар йили ташкил қилинади. Биринчи марта кинофорум Қирғизистонда 2016 йили ўтказилган. Форумнинг мақсади — режиссёр аёлларни бирлаштириб, мотивация бериш ва ёш режиссёрларни танитиб, қўллов кўрсатиш.

Мазкур форумнинг ташкилотчиси — режиссёр Асел Жураева. У 2013 йили Айгерим Бирназарова билан бирга «Осиё ижодкор аёллари» жамоат фондини ташкил қилган.

Мазкур фонд «Киргизфильм», Tazar Cinema Company кинокомпаниялари ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан тиғиз ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари, фонд кўплаган режиссёрларга фильмни тасвирга олишга ёрдам берган.