МХДҚнинг раҳбари Қамчибек Ташиев туғилган жойи Жалолободнинг Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғида 5 минг кишига ифторлик қилди. Бу ҳақда 20 апрелда Ташиевга қарашли «Регион» телеканали ўша жойдан олинган сюжетини эълон қилди.
Унда қишлоқнинг Чойбеков номидаги спорт майдончасида бир неча қатор узун дастурхонлар ёйилиб, минглаб одамлар ифторга келганини кўриш мумкин.
Ифторликка Жогорку Кенешнинг айрим депутатлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва дин ходимлари ҳам иштирок этгани айтилади.
Маълумотларга кўра, тадбирда вафот этганларга Қуръон ўқитилди. Шундан сўнг келганларга махсус хизмат раҳбари чиқиб нутқ сўзлаб, мамлакат раҳбари Садир Жапаровнинг саломини ҳам етказди.
Аввалроқ, 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев Жалолобод шаҳрида 600 нафарга яқин аёлларга байрам тадбирини ўтказган эди.
Февраль ойида Ташиев Сузоқдаги мактаблардан бирига 10 та компьютер совға қилган. Ташиевнинг янги компьютер олиб бергани ҳақидаги маълумотни рад этган туман таълим бўлими бошчиси Тиничбек Усенов «ўз хоҳиши билан» ишдан кетган.
Ўтган йилнинг ноябрида Ташиев ва унинг оиласи ҳисобидан Жалолободдаги тўртта кўчага асфальт ётқизилиб, фойдаланишга берилгани хабар қилинган.
2022 йил августида эса Барпида МХДҚ раисининг акаси Жанибек Ташиев хотирасига бағишланган «Жони» истироҳат боғи очилган.
Ташиевга тегишли «Регион» телеканалининг маълумотига кўра, умумий майдони 1,5 гектарни эгаллаган боғнинг лойиҳаси 2019 йилидаёқ тайёрланиб, қурула бошлаган.
Ташиев пулни қаердан олади?
Шу пайтгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси нашрларга Қамчибек Ташиевнинг даромади ҳақида «оммага ошкор қилишга мос эмас» деган фикр билан маълумот беришдан бош тортган.
Жорий йилнинг январида Temirov Live ютуб-канали давлат ишхонаси орқали мазут сотиб, 30 млн сомдан ортиқ фойда кўрган МХДҚнинг раиси Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ҳақида суриштирув эълон қилган.
Суриштирувда журналист Болот Темиров Қамчибек Ташиев ҳокимиятга келишидан олдин ҳам ёқилғи бизнеси билан боғлиқлиги борлигини, Жалолободдаги нефтни қайта ишлаш заводи унинг акаларига рўйхатдан ўтгани, Қазиқбек Ташиев асосчиси, Шайирбек Ташиев эса директор бўлиб саналишини айтган.
Ташиев эса Темировнинг терговидаги коррупция фактлари «тўқима» эканлигини», оиласида ҳеч ким «ҳеч қачон коррупцион схемаларга аралашмаганини» таъкидлаган.
Шунингдек, у «ҳокимиятга келганидан кейин» оила аъзолари тендерларда қатнашишни тўхтатганини, ўғли эса тендерларга маҳаллий ҳокимият сўрагани учун «ёмон ниятсиз» қатнашганини қўшимча қилди.