Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўш вилоятининг Қорасув, Аравон туманларидаги Аравон — Оқ-Бура каналини таъмирлаш ва модернизация қилиш учун 17 млн 870 минг евро ажратади. Бу ҳақда 5-апрелда Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилинди.
Ушбу маблағнинг 14 млн 130 минг евроси кредит шартномаси асосида, 3 млн 740 минг евроси эса грант шартномаси асосида тақдим этилган.
Кредитга олинган маблағ жами 15 йилга, тўрт йиллик енгиллатилган муддат ҳамда ўзгарувчан фоиз ставкаси билан берилади. Мазкур лойиҳа 21 минг гектарга яқин ер майдонини сув билан таъминлаш учун шароит яратмоқчи.
31,3 километр узунликдаги Аравон —Оқ-Бура канали 1965-йилда қурилган. Канал орқали 15 минг гектардан ортиқ ерга сув етказилади.