«Босимдан қўрқмайман. Фаол Афтандил Жоробеков милицияга сўроқ бериб чиқди

174
Афтандил Жоробеков

Фуқаровий фаол, «БеспределKG» саҳифасининг администратори Афтандил Жоробеков ҳукумат томонидан босим бўлаётганини, шунга қарамай фаолиятини давом эттиришини айтди. Бу ҳақда у «Клооп»га 27-мартда билдирди.

Жоробеков Бишкекнинг Октябрь туман милициясининг тергов бўлимига 26-мартда «Ирқий, этнос, миллий, диний ёки ҳудудлараро низони (аразлашув) қўзғатиш» моддаси асосида қўзғалган жиноий ишга боғлиқ «ҳозирча гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини» билдирди.

Унинг айтишича, бунга унинг Инстаграм саҳифасидаги постлари сабаб бўлган, лекин текширув давом этаётгани сабаб қайси пост ҳақида сўз бўлаётганини айтишдан бош тортди.

«Энди саҳифамдаги постлар қандай [маънода] экани тушунарли. Бу энди давлат органларининг, терговчиларнинг «кўп ёзмай тур» деган босими. Мен буларнинг босимидан қўрқмайман, постларим чиқаверади. Булар кимни ҳимоя қилиб, ишни қандай қўзғагани тушунарли бўляпти. Бу бўлмаган иш ўзи», — деди Жоробеков.

Шунингдек, фаол бугун «БеспределKG» саҳифаси орқали мурожаат қилиб, «эълон қилинган постларидан афсусланмаслигини» айтган. У қамалса, «давлат ривожланиб кетади ёки арзончилик бўлади» дейишса қамалиб кетишга тайёрлигини, «эски уруғларни ҳукуматга қайтишига шунчаки қараб туролмайман» деб билдирди.

«Мамлакат икки дўстнинг мулки эмас. Ўзларини Худога қиёслаб, «биз фақат ҳақиқатни айтамиз, қолганларни оғзини ёпамиз» деганлар янглишади. [...] Мен чиқарган постларимнинг бирортасидан ҳам ачинмайман. Булар ҳукуматни суд, МХДҚ, милиция, Жогорку Кенешни хусусийлаштириб олгани камдай, энди оғзимни ёпгани менга келишди», — деб билдирди фаол.

Бундан ташқари, Жоробеков у ёзган муаммоларни халқ вакиллари «айтишдан қўрқиб, сотилиб кетганини» таъкидлади.

«Мен ёзган нарсани ЖКда ўтирган 90 депутатнинг бирортаси ҳам айтгани «духи» етмайди. Бари сўзлашиб олди ёки сотилиб кетди. Мен эркинликда бўламанми ёки турмадами постларим чиқаверади. Тирик шоқол бўлгандан, ўлик йўлбарс бўлган ортиқроқ», — деди у.

«Клооп» 27-мартда Жоробековни сўроққа чақирилгани бўйича Бишкек шаҳрининг Октябрь туман милиция бўлимидан маълумот олишга ҳаракат қилган, аммо бунинг натижаси бўлмади.

Фуқаровий фаол сўроққа чақирилгани ҳақида 25-мартда маълум бўлган.

Жоробековнинг қўлга олиниши

Афтандил Жоробеков — ижтимоий тармоқлардаги «БеспределKG» паблигининг администратори. У 2019-йили «ҳудудлараро низони қўзғатишда» айбланиб, МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган. Унда махсус хизматдан фаолнинг пости ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг агрессив кайфиятдаги изоҳларига сабаб бўлган деб билдиришган.

МХДҚ Жоробеков қочқин президент Курманбек Бакиев ва қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги постлар учун қўлга олинганини билдирган. Бироқ Биринчи май туман судининг қарорида бошқа маълумот кўрсатилган. У «Хабибула ва Соке Райимни чиқариб кетишди!» деб аталади.

Шунингдек, мазкур пост божхонадаги коррупция ва контрабанда ҳақидаги журналистик суриштирувнинг фигуранти Хабибула Абдукадирнинг суратларидан иборат.

Қарорда махсус хизмат постдан «давлат раҳбари коррупция жиноятининг иштирокчиси бўлиб ҳисобланади дейилган провокация ва ёлғон маълумотларни» кўргани айтилади.

2020-йилнинг ёзида Жоробековга қўзғалган жиноий иш тўхтатилган.