Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман ИИБнинг раҳбарлари ишдан бўшатилди. Унга туман милицияси ходимларининг массаж салонларини «ҳимоя қилгани учун» пул ундиришда гумонланиб қўлга олингани асос бўлди. Бу ҳақда 25-мартда ИИВ матбуот хизматидан хабар беришди.
Қўл остидаги ходимларнинг хизмат интизомини нотўғри назорат қилагани учун Биринчи май туман ИИБнинг бошчиси Мирлан Ниязалиев, ўринбосарлари Улан Орозалиев, Эрмек Момуналиев ва Бишкек шаҳар ИИББнинг етакчиси ўринбосари Улан Бектемишов хизматдан олинди.
Шунингдек, шаҳар милицияси бошлиғи Азамат Ногойбаев, ички тергов бўлими бошлиғи Таалайбек Турганбаев ва жиноят қидирув бўлими бошлиғи Улан Бердибаевга қаттиқ танбеҳ берилди.
Шаҳар милицияси етакчисининг ўринбосарлари Киличбек Жолдошов ва Данияр Рускулов, кадрлар бўлими бошлиғи Айбек Ибраимовлар хизмат талабларини тўлиқ бажармагани учун огоҳлантирилди.
ИИВ буйруғи билан Бишкек шаҳар ИИББ жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғининг ўринбосари Тилек Тукебаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, Биринчи май туман ИИБнинг бошчиси бўлиб тайинланди.
Аввалроқ, Биринчи май туман ИИБ жиноят қидирув бўлимининг уч нафар ходими «массаж салонларини ҳимоя қилгани учун» узоқ вақт товламачиликда гумон қилиниб, қўлга олинган эди.
Маълумотларга кўра, гумонланувчилар ҳеч қандай асоссиз массаж салонларини текшириб, ҳар ой 500 дан 1000 долларгача пул олиб кетишган.