«Ўз ишимизни давом эттираверамиз». Қирғизистондан чиқариб юборилган  суриштирувчи Болот Темиров интервью берди

230

Қирғизистондан чиқарилган суриштирувчи-журналист Болот Темиров Archa.media нашрига интервью бериб, ўзининг ҳақиқат учун кураши ҳақида айтиб берди.

Темировнинг айтишича, у адвокатлари билан Қирғизистоннинг барча қонунларини юз мартадан текшириб, уларнинг бирортаси ҳам қўш фуқароликни тақиқламаслигини аниқлаган.

«Албатта, Қирғизистонда суднинг адолатли қароридан умид қилиш қийин. Бироқ биз курашамиз. Биз халқаро инстанцияларга мурожаат қиламиз […]. Мен ўлкада бўлганимда ҳам менга қарши пропаганда қилишган. Бизни нималарда айблашмади. Номимизни ёмонга чиқаришди. Бироқ биз бу нарсаларга эътибор қилмай, ўз ишимизни давом эттирамиз», — деди Темиров.

Шунингдек, журналист президент Садир Жапаровнинг ёнида пайдо бўлган тадбиркор Хабибула Абдукадиров — Қирғизистон божхонасидаги контрабанда ва коррупция ҳақидаги суриштирувнинг фигуранти ҳақида ҳам изоҳ берди. Темиров «Жапаров Абдукадирни «инвестор» деб атаб ҳамкорлик қилиш билан Қирғизистонда фирибгар ва криминалларга жаннат яратмоқда» деди.

«Ҳукумат Қирғизистонни криминал пулларни легаллаштирувчи жойга айлантирмоқда. Бу эртами кечми натижасини кўрсатади. Бу давлатни узоққа олиб бормайдиган сиёсат», — дейди журналист.

Темиров профессионал журналистика Қирғизистонни ривожлантирувчи пойдевори бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Темировнинг Қирғизистондан чиқарилиши

Болот Темиров — қирғизистонлик суриштирувчи журналист, у 2022-йилнинг ноябрида мамлакатдан чиқарилган. Бу суриштирувчилар «2 кунда 37 миллион сомни қандай топса бўлади? Ташиевнинг схемаси, Садир Жапаровнинг жавоби!» номли суриштирувни чиқаргандан бир йилдан кейин бўлган.

Темировни давлатдан чиқаришга Свердлов туман судининг қарори асос бўлган. Суд журналистнинг паспортини яроқсиз деб топиб, бекор қилиш қарорини чиқарган. Кейинчалик Бишкек шаҳар суди бу қарорни кучида қолдирган. Темировни куч билан аэропортга олиб бориб, Москвага учаётган самолётга солиб юборишган.

Журналист уни давлатдан чиқарилиши умуман ноқонуний эканини таъкидлайди.

Парламент депутатлари, мустақил юристлар, медиа жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар Қирғизистондан куч билан чиқарилганликда айблаб, суд қарорини бекор қилишни талаб қилишган.

Уларнинг бари журналистни фуқароликдан маҳрум қилиш билан четга чиқаришни — Темировни конституциявий ҳуқуқини бузиш ва «ҳаддан ортиқ таъқиб» деб ҳисоблашади.