Чуй: Бировларнинг 64 гектар ерини босиб олиб, бўлиб сотаётган шахс қўлга олинди

173

Чуй вилояти Аламудун тумани Қора-Жиғач қишлоғида ўзгаларнинг 64,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини босиб олиб сотаётган гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда 10-март куни «Клооп»га Чуй вилоят милицияси хабар берди.

Маълумотларга кўра, 6-март куни Қора-Жиғач қишлоғи ҳукумати раҳбари Аламудун милиция бўлимига мурожаат қилган. Унинг айтишича, қишлоқда яшовчи фуқаро огоҳлантиришларга қарамай, 64,5 гектар ер майдонига қонунга хилоф равишда фундамент қуйиб, электр симларини тортган.

Олиб борилган суриштирув натижаларига кўра, айбланувчи ҳақиқатда аҳолига қишлоқ хўжалигига оид ерларга шағал тўкиб йўл қилиб, участкаларга ажратиб уй-жой қуриш учун сотаётгани аниқланган.

53 ёшли гумонланувчи ҳибсга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Чуй вилоят ИИБи бегона ер участкасини ўзбилармонлик билан эгаллаб олиш ва мақсад йўналишини бузган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга ўзбошимчалик билан қурилиш қуриш учун қонун доирасида қаттиқ чоралар кўрилишини огоҳлантиради.