Новқат: Милиция ходими раҳбари томонидан калтакланиб, тазйиққа учраганини айтди

178

Ўш вилоятининг Новқат туманидаги Янги бозор милиция бўлимининг ходими Максатбек Аваз уулу ишдан ноқонуний ҳайдалганини ва раҳбарияти томонидан зўравонлик кўрганини айтди. Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси «Клооп»га ички текширув ишлари бошланганини билдирди.

Нима бўлди?

2-мартда ижтимоий тармоқларда милиция ходими Новқат ТИИБнинг раҳбарияти томонидан «у кўрсаткичларга етмаганини айтиб» таъқибда бўлганини билдириб, президентга мурожаат қилган видео тарқаган.

«Мени “нимага режани бажармайсан, нимага натижаларинг йўқ” деб [ишдан] бўшатишди. Мен ўзи қишлоқда тоғли ҳудудда хизмат қилсам, бу ҳудудда ҳеч қандай жиноят бўлмаса, мен қайси жиноятни бераман? Қайси оддий халқнинг боласини… ноқонуний йўлга бориб, натижа беришим керак? Бундай натижа бергандан кўра, мен формамни ечиб, бошқа ҳалол иш билан шуғулланганим яхши», — деди Аваз уулу.

Шунингдек, у туман ички ишлар бошқармасининг бошчиси Талгат Осконалиев «Улан Ниязбековнинг номи билан ходимларга ноқонуний талабларни қўймоқда» айтди.

У куч структураларида «бўлган тартибсизликлардан ҳуқуқини ҳимоя қила олмаган юзлаган ходим борлигини» таъкидлаб, туман бўлимининг бошчиси унга зўравонлик қилганини қўшимча қилди.

«Мурат Айтиев ҳамкасбларим орасида мени оғизга олиб бўлмас сўзлар билан сўкиб, инсонийлик обрўйимга путур етказиб, уриб тан жароҳати етказди. Буларнинг асосий сабаби мен натижа кўрсатишим керак экан. ИИВда адолат қачон ўрнатилади? Бундан қачон қутиламиз? Ҳурматли Садир Нургожоевич [Жапаров], мен сиздан Ички ишлар вазирлигида бўлаётган тартибсизликларни тўхтатиб беришингизни сўрайман», — деди у.

Милиция нима дейди?

3-мартда Ўш вилоят ички ишлар бўлимининг матбуот хизмати «Клооп»га мазкур воқеа бўйича изоҳ берди.

Унга кўра, Ўш шаҳар клиникасидан Новқат ТИИБнинг ходими 31 ёшли Максатбек Аваз ўғлининг тан жароҳати олгани ҳақидаги маълумот 1-март куни соат 22:50да келиб тушган.

Бу факт Ўш ВИИБнинг электрон журналига рўйхатга олиниб, текширув ишлари бошланган. Текширувда жабрланувчи Новқат ТИИБнинг қишлоқ милиция бўлимининг бошчиси тан жароҳат етказганини билдириб, тезкор тергов гуруҳи билан учрашувга қарши эканини айтган.

«Ҳозирда Аваз ўғлига суд-тиббий экспертиза тайинланиб, Ўш ВИИБнинг тергов хизмати ва ИИВнинг ички текширув хизмати томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижаси билан юридик баҳо берилади», — деб айтилади маълумотда.

2022-йили 30-августда Ўш вилоят милициясининг собиқ ходими Чубак Сиргакбек ўғли номли одам муассасанинг етакчиси Женишбек Абитов уни ишдан ноқонуний олганини айтиб президентга мурожаат қилган.

Ўш вилоят милицияси эса Сиргакбек ўғли «аёли билан уч ёшли ўғлига қўл кўтаргани учун» ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.