«Вагнер». Россиянинг қамоғида ётган яна бир қирғизистонликнинг жасади урушдан келди

225
Эрлан Эрмеков. Сурат: «Азаттиқ» нашри

Россия турмасида ўтириб «Вагнер» тузоғига илинган яна бир қирғизистонликнинг жасади урушдан келди. Бу ҳақда «Азаттиқ» радиоси 22 февралда ёзди.

Маълумотга кўра, марҳум 30 ёшли Эрлан Эрмеков — оиласида ёлғиз ўғил бўлган. Уни урушга кетгани ҳақида онаси Гулнара Закирова февраль ойининг бошида «Азаттиқ»қа айтган.

Закирова боласи бегуноҳ судланганини айтиб, уни омон қайтишини сўраган. Бироқ 20 февралда у ўғли ҳалок бўлганини эшитган.

«Мен бугун ўғлим ўлганини эшитяпман. Болам 6 февралда ўлган экан, ҳозир айтишди. Бошқа болаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинглар. Турмадаги бошқа болаларни урушга юбормаслик керак. Ёлғиз ўғлимдан айрилдим, мен каби бошқа оналар бўзламасин, болаларни сақлаб қолинглар», — деди фарзандидан айрилган она.

Эрмековнинг жасади Ўш вилоятининг Аравон туманида дафн қилинди.

Турмада ётиб жасади урушдан келган қирғизистонликлар

Эрлан Эрмеков — Россияни Украинага эълон қилган урушидан жасади келгани маълум бўлган 4чи қирғизистонлик. Бунга қадар Россияда қамоқда бўлган Украинадаги урушдан жасади келган Қирғизистон фуқаролари Замир Чолоев, Аян Алишеров ва Янгибай Рахимов экани маълум бўлган.

Улар рус армияси 2022 йилнинг ёзидан бери босиб олишга ҳаракат қилаётган Украинанинг Бахмут шаҳрида ҳалок бўлишган.

30 ёшдаги Алишеровнинг қариндошлари ОАВга марҳум Россия таркибига кирган Мордовия республикасидаги колонияда жазо муддатини ўтаётганини айтишган. Укаси билан охирги марта суҳбатлашганда Алишеров колонияга «Вагнер» ЧВКсидан келишганини айтган. Суҳбатда марҳум урушга бориш нияти ҳақида айтмаган, бироқ кейин яқинлари билан алоқага чиқмай қўйган.

Тивада жазо муддатини ўтаётган 40 ёшдаги Янгибай Рахимов икки йил олдин Россияга ишлагани кетган. У такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган вақтда — 2022 йилнинг ёзида гиёҳванд модда билан қўлга тушиб, 5 ярим йилга судланган.

Акасининг айтишича, ўлгани ҳақидаги маълумотда укасининг ўлим сабаби «ҳарбий операция вақтидаги портлаш» деб ёзилган. У укасини урушга кимлар билан кетганини аниқ билмайди.

Украинадаги урушга «ёллаш»

Ўтган йилнинг июнь ойида «МедиаХаб»нинг журналистлари Марказий Осиё давлатлари фуқароларини, жумладан қирғизистонликларни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ЧВК) орқали Украинадаги урушга кетаётгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилган.

*ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — расмий бўлмаган қуролли тузум. Россиянинг ОАВ уни хусусий ҳарбий компания деб аташади. The Bell нашрининг маълумотига кўра, уни Россия қуролли кучлари бош штабининг раҳбарияти яширин тарзда назорат қилади.

Суриштирувчи журналистлар қирғизистонлик ижтимоий тармоқларда Россияга хусусий қўриқчи хизматига ишга қабул қилиш ҳақида эълонлар пайдо бўлганини, эълонда кўрсатилган рақамлар билан боғланганда, «приоритетлар алмашгани сабаб» қўриқчилик хизматига ишчилар олинмаётганини айтганини билдирган.

Ўрнига бошқа иш — «Украинадаги махсус операция бораётган ҳудудда топшириқларни бажаришни» таклиф қилган.

Телефон рақамларни идентификация қилувчи хизмат бу рақам ЧВК «Вагнер» деб рўйхатга қўйилганини кўрсатган. Молкино деб аталган ҳудудда ЧВК «Вагнер»нинг базаси ва пункти жойлашганини Россиянинг ОАВ ёзган.

2022 йили 30 декабрда Donday нашри Россиянинг ички ишлар вазирлиги Украинани аннексияланган Луганск вилоятидаги «Вагнер» машғулот лагеридан қочиб кетган олти ёлланма аскарни қидирувга берганини ёзган.

Қочганлар машғулот марказига келгунча Россияда қамоқда ётган қирғиз, белорус, рус ва уч ўзбек фуқароси экани айтилган. Нашр судланганлар 21-22 декабрда қочганини билдириб, исмини очиқ билдирмган. Шунингдек, қочган олти киши қуролли ва хавфли эканини таъкидлаган.

Россиянинг «Рус сидящя» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг бошчиси Олга Романова Россияда қамоқда ўтирганларни Украинадаги урушга жалб қилиш янги босқичга чиққанини айтган. У қамоқдагиларни урушга шу «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жалб қилаётганини билдирган.