Адвокат: Клара Сооронкуловага Фейсбукда постни бўлишгани учун яна бир айб қўйилди

144

Кампиробод ишига алоқадор шахс, Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сооронқуловага янги айблов қўйилди. Бу ҳақда унинг адвокати Чинара Жакупбекова «Клооп»га  маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, айблов Facebook ижтимоий тармоғида фаол Мирлан Ураимовга тегишли бўлган бир йиллик постнинг қайта жойлангани билан боғлиқ.

«Ўтган йилнинг февралида у қамоқдаги Ураимовни қўллаш постини қайта жойлаган эди. У ерда изоҳда постни нима учун бўлишганини асослаб берган. Кеча бизга ушбу бўлиши учун «ҳукуматни зўравонлик билан ағдариш учун чақириқлар» моддасини қўйишди. Энди баҳслашамиз. Бу иш махфий эмас», деди у.

Адвокат Сооронкулова постни Ураимовни ҳимоя қилиш учун уюштирилган #камасаңар баарыбызды камагыла деган флешмоб бошланган вақтдан чиқарганини айтди. 

«Пост деярли роппа-роса бир йил олдин эълон қилинган, айни пайтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси экспертиза тайинлаган, бироқ иш очилмаган. Ва энди улар Кампиробод иши бўйича ҳеч нарса тополмай, бир йил олдинги постлардан айб топишга қарор қилишди ", деди у.

Жакупбекованинг сўзларига кўра, Кампиробод ишида иштирок этган яна бир шахс, Ураимовнинг постини бўлишган Орозайим Нарматова ҳам худди шундай айблов билан айбланган.

Мирлан Ураимов

«Бутун Қирғизистон» партиясининг фаоли ва аъзоси Мирлан Ураимов 2022 йилнинг 8 февралида Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан ижтимоий тармоқлардаги изоҳларида «ҳокимиятни эгаллаб олишга чақириш»да айбланиб ҳибсга олинган эди. Ураимов изоҳ ёзмаганини, унинг аккаунти анчадан буён бузиб кирилганини, энди ундан фойдаланмаётганини айтган.

Кейинроқ МХДҚ фаол Мирлан Ураимов «Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга очиқ даъват» моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Махсус хизмат фаол ижтимоий тармоқларда «провокацион материаллар тарқатганини» қайд этган. Кейин Ураимов 26 мартга қадар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

9-мартда фаол Бишкек шаҳар судининг қарори билан ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан бўшатилган. 

Кампиробод иши

2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.

Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.

Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.

Муаллиф: Медина Купсулдаева