Новосибирскда турар-жой биносида газ портлаши оқибатида икки қирғизистонлик жабрланди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
ТИВ маълумотларига кўра, портлаш 9 февраль куни эрталаб беш қаватли турар-жой биносида содир бўлган. Қурбонлар орасида 1978 йилда туғилган аёл ва 1993 йилда туғилган эркак ҳам бор.
Эркак ис газидан заҳарланган, унинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. У Новосибирск шаҳар касалхонасига етказилган. Аёлнинг эса умуртқа поғонаси синган, у жарроҳлик амалиёти учун Новосибирск Травматология илмий-тадқиқот институтига олиб кетилган.
ТАСС ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, портлашдан сўнг вайроналар остидан 14 нафар жабрланганлар қутқариб олинган. Шунингдек, портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради РИА Новости нашри.