Жетиўғузда чиқиндиларни қайта ишлатиш цехи ишга кирди

195

Иссиқкўл вилоятининг Жетиўғуз туманидаги Саруу қишлоғида чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва қайта ишлаш бўйича цех ишга туширилди. Бу ҳақда 26 январда Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг маълумотларига кўра, чиқиндиларни тўплаб қайта ишлатиш  экологик вазиятни яхшилаб, маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш имконини беради.

Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш заводи. Сурат: Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги.

«Пластик чиқиндиларни қайта ишлаш технологиясининг ўзи Қирғизистонда илгари қўлланилган қайта ишлаш технологияларига нисбатан муҳим янгиликка эга», дейилади вазирликнинг Фейсбукдаги саҳифасида.

Чиқиндиларни қайта ишлаш линиясининг қуввати кунига икки тоннани ташкил этади. Табиий ресурслар вазирлиги жорий йилда Иссиқкўл вилоятининг шимолий қисмида яна бир қанча саралаш линияларини ишга туширишни ҳам режалаштирган.