20-январда Бишкекдаги бир қатор ОАВлар жойлашган бинода бомба қўйилгани ҳақида маълумот тушиб, ходимлар эвакуацияланди.
24.kg ахборот агентлигининг бош муҳаррири Махинур Ниёзова ўзининг Twitter саҳифасида эвакуация ҳақида маълум қилган. Нашр таҳририяти Red Centre савдо марказида жойлашган. Бомба ҳақидаги хабардан сўнг, милиция бинодаги барча одамларни эвакуация қилган.
Шунингдек, Kaktus.media сайтининг ҳаммуассиси Дина Маслова ҳам ўрнатилган бомба ҳақидаги хабарлар туфайли эвакуация қилинганини эълон қилган. Таҳририят Тинистанов кўчасида жойлашган бинони тарк этишга мажбур бўлган.
Свердлов туманининг ички ишлар бошқармаси «Клооп»га 20 январь куни соат 15:45 да Red Centre биносида бомба борлиги ҳақида хабар олганини айтган.
«Red Centre’да ИИВнинг кинологлари тегишли махсус тадбирларни ўтказмоқда», — деб билдирилган милициядан.
Бундан ташқари, Ички ишлар департаменти эвакуация қилинганлар орасида «Вечерний Бишкек» ва Elgezit.kg нашрлари таҳририятлари ходимлари ҳам борлигини қўшимча қилган.
Соат 17:50да эса Red Centre биносида ҳеч қандай бомба йўқлиги маълум бўлиб, ходимлар бинога қайтиб келишган.
Фуқароларни Red Centre савдо марказидан эвакуация қилишдан олдин номаълум шахслар пойтахтнинг бир нечта мактабларига гўёки ўрнатилган бомбалар ҳақида хабарлар жўнатишган. Бишкек ШИИБнинг маълумотларига кўра, умумий бешта шаҳар мактаби бундай хабарларни олган.