Бишкек шаҳар суди биринчи инстанция судининг ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага нисбатан жарима солиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда «Қилим шами» инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.
Абдирасулова иши бўйича суд мажлиси 17 январь куни бўлиб ўтди.
Нега улар ҳуқуқ ҳимоячисини жаримага тортмоқчи бўлишди?
Бишкекда 2022 йил 15 ноябрь куни Жогорку Кенеш биноси ёнида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши митинг бўлиб ўтган. Унда 30 га яқин киши қатнашган.
Ўшанда милиция ходимлари намойишчиларни ҳибсга олиш билан таҳдид қилган, чунки суд қарорига кўра парламент биноси яқинида йиғилиш ўтказиш тақиқланган эди. Намойишчилар Горький майдонига кетаётганида, милиция Абдирасуловани «бўйсунмаганлик» учун куч билан ҳибсга олган.
Бишкек шаҳар милициясининг раҳбар ўринбосари Тилек Тюкебаев 64 ёшдаги ҳуқуқ ҳимоячисини «маст аҳволда бўлиб, сўкмоқда» деб айблаган. Шу билан бирга видеода ҳуқуқ ҳимоячиси беодоб сўзларни қўллангани ҳақида далил бўлмаган.
Милиция ходимлари аёлни туртиб юборишганда у йиқилиб тушган. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячисини ер бўйлаб судраб, милиция машинасига ўтқазишган. Аввалига улар Абдирасуловани тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлган, кейин уни милиция бўлимига олиб келишган. У ерда ички ишлар ходимларига бўйсунмагани учун Абдирасуловага нисбатан маъмурий баённома тузилиб, қўйиб юборилган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи ҳам акцияда қатнашмаганини, ҳеч кимни таклиф қилмаганини ва қўлида плакат бўлмаганини айтган. Шунингдек, у ҳибсга олинишидан бир кун олдин Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг 10-бўлим бошчиси Шумкарбек Сулайманов уни суҳбатлашишга чақирганини айтган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, милиция ходимлари унга «ёзганларини учинчи кучлар фойдланиб кетмаслиги учун» Фейсбукда камроқ ёзишни таклиф қилишган.
2022-йилнинг 25 ноябрь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловани милиция ходимларига бўйсунмагани учун 3000 сом жаримага тортган.