Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ҳавонинг булғаниши 112 кишининг ўлимига тўғридан-тўғри сабабкор эмас

308

Ҳавонинг ифлосланиши Бишкекдаги 112 кишининг ўлимига тўғридан-тўғри сабабкор бўлиши мумкин эмас. Бундай фикрни соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улан Садиков ифлосланган ҳавонинг турғунлар соғлиғига етказган таъсири ҳақидаги тадқиқотга изоҳ бераётиб айтди.

Аввалроқ ЮНИСЕФ «Кир ҳавонинг соғлиққа ва Бишкекдаги аёллар билан болаларнинг ҳаётига етказган таъсири» номли тадқиқотини тақдим қилган. Унда 2021-йилнинг 1-июлидан 2022-йилнинг 30-июнига қадар қора тутун оқибатидан 112 киши вафот этгани айтилган.

«Ҳавонинг ифлосланиши ўлимга тўғридан-тўғри сабабкор эмас деб ўйлайман. Бу қўшимча фактор бўлиши мумкин. Бундай саволга жавоб беришдан аввал жиддий текширув ўтказиш керак. Ростдан ҳам шундайми, илмий асос керак», — деди Садиков.

Соғлиқни сақлаш вазирининг яна бир ўринбосари Бубужан Арикбаева тадқиқотда «эҳтимолий илмий маълумотлар берилганини» билдирди. Унинг айтишича, тадқиқотни Канада университетларидан бири ўтказган.

«Бу илмий маълумотлар тахминий маълумотлар. Улар 112 киши ифлосланган ҳаводангина ҳалок бўлганини аниқ англатмайди. Кеча биз ниманинг асосида бу кўрсаткич чиқди деб сўровнома жўнатдик. Бугун жавоб кутяпмиз, ЮНИСЕФ тадқиқотчиларга савол-талаб жўнатди», — деди у.

Арикбаева 112 деган рақамни фоиз ҳисобининг натижасида олиш мумкин деб ҳисоблайди.

«[Тадқиқотчиларнинг айтишича] дунёда қабул қилинган кўрсаткичлар бор. Улар юрак-қон томир касалликларидан, юракнинг ишемия касалидан, инсультдан, ўпка саратонига ҳамда бошқа кўплаган касалликлардан вафот этганларнинг барини олишади. Шундан кейин фоиз қатори ҳисобланг. Масалан, юрак-қон томир касалларининг 19% яқинида ифлосланган ҳаво факторларининг бири эса, юракнинг ишемия касалида 24% ташкил қилади. Уларни фоиз билан ҳисоблаб, 112га етса бўлар эди. Жавоб келгандан кейин аниқ жавоб бера оламиз», — деб таъкидлади вазирнинг ўринбосари.

Бишкекдаги қора тутун

Шаҳар турғунлари бир неча йилдан бери қишда қора тутундан жабрланиб келади. Ҳавони ифлослантирган асосий манбалар — Бишкек ИЭМи, эскирган автопарк ҳамда кўмир ёқиб уй иситган хусусий уйлар.

MoveGreen экология ҳаракати бунга қадар Бишкекдаги ҳавонинг ифлосланиши бўйича харитасини кўрсатган.

У ҳавонинг сифатини назорат қилувчи фуқаролик мониторингнинг 14 датчигидан, Қирғизгидрометнинг ва АҚШ элчилигининг икки датчигидан олинган маълумотларни ўрганиб чиққан.

Унга кўра, харитага туширилган маълумотдан Бишкекда энг ифлосланган ҳаво шаҳарнинг шимолий-ғарбий туманида эканини кўриш мумкин.

Экологлар ҳавонинг сифати турлича бўлганига Бишкекнинг паст қисмида массивлар бор экани сабаб бўлиши мумкин дейишган. У ёқда иситиш учун кўмир, елим, эски ғилдираклар ҳамда бошқа чиқиндилар қўлланилган ҳолатлар учрайди.